Ҳаж ва Умра вазири Ўзбекистонда: ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида Саудия Aрабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация билан Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ва бошқа тегишли мутасаддилар иштирокида мулоқот бўлиб ўтди.
Мустаҳкам тарихий, маданий ва диний ришталарга асосланган Ўзбекистон – Саудия Aрабистони алоқаларининг юқори даражаси икки давлат етакчилари раҳбарлигида олиб борилаётган ўзаро дўстона муносабатлар натижасидир.
Ҳаж ва Умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, мазкур ташрифдан мақсад Ўзбекистон ва Саудия Aрабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада такомиллаштириш, айниқса, Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш сифатини ошириш, диний-маърифий, илмий-тадқиқот, туризм, транспорт соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилганини билдирди.

Вазир Имом Бухорий, Имом Термизий, Форобий, Беруний, Ибн Сино каби уламоларнинг ислом маърифатига, жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссасини таъкидлаб, қадим маданият ва бебаҳо осори-атиқалар юрти бўлган Ўзбекистонга саудияликларни ҳам зиёратга тарғиб этишда фаол бўлишини айтиб ўтди.

Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев мамлакатимизда Ҳаж ва Умра тадбирларини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари таъминлангани, фуқароларимизга қулайликлар, янада яхши имкониятлар яратиш бўйича тизимли ишлар қилиб келинаётгани, хусусан, Умра тадбирларини намунали ташкил этиш, зиёратчиларга амалларни тўлиқ, хавфсиз бажариши учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлаш мақсадида республикамиз қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистонда умра тадбирини ташкил этиш ваколати Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда 12 та ширкатга берилганини айтди.

Ҳаж ва Умра ишлари билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.

Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, аввало, бундай ҳамкорликларга замин яратиб берилаётгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Икки Муқаддас Масжид ходими Саудия Aрабистони Подшоҳи Салмон бин Aбдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонларга миннатдорлик билдириш асносида юртдошларимиз учун ҳаж квотаси сўнгги йилларда 3 баробарга оширилиб, ҳар йили 15 минг нафар ҳамюртимиз ҳожилик бахтига мушарраф бўлаётгани, Умра зиёратчилари сони бир неча юз мингни ташкил этаётгани, уларга бўлган ҳурмат-эътибор, шарт-шароитлар борган сари яхшиланиб бораётганини эътироф этди.

Шунингдек, мулоқотда Президентимиз томонидан очиқлик сиёсати олиб борилаётгани, айниқса, мамлакатларимиз ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир кўплаб ҳужжатлар қабул қилингани айтилди.

Икки давлат ўртасида илмий-тадқиқот ишларида кенг кўламли ҳамкорлик қилиш, дин уламолари иштирокида анжуманлар ўтказиш, Саудия Aрабистони фуқаролари Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Термиз каби қадимий шаҳарларига зиёратга келишларини ташкил этиш каби ишларни ривожлантириш борасида таклиф ва мулоҳазалар айтиб ўтилди.
Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа Ўзбекистон томонидан билдирилган таклифларни атрофлича кўриб чиқиб, ижобий ҳал этишда бор имконият ишга солишини билдирди.
Мулоқот самимий ва кўтаринки руҳда ўтди.
Н.Усмонова, ЎзА