OANA Бош ассамблеяси Санкт-Петербургда ўтади

ТАСС Осиё ва Тинч океани мамлакатлари ахборот агентликлари ташкилоти (ОАNA) 19-Бош ассамблеясини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди. Тузилма Ижроия қўмитасининг Куала-Лумпурдаги йиғилишида мазкур анжуманни 2025 йил июнь ойида Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳрида уюштириш бўйича бир овоздан қарор қабул қилинди.
OANA Бош котиби Замон Ризахоний ўз нутқида ТАССнинг жаҳон ахборот ҳамжамиятидаги юксак обрў-эътиборини яна бир бор эътироф этган.
ТАСС Бош директорининг биринчи ўринбосари Михаил Гусман Бош ассамблея доирасида иштирокчилар ялпи мажлисларда иштирок этиши, етакчи россиялик сиёсатчилар, жамоат арбоблари билан учрашиши, шунингдек Санкт-Петербург билан яқиндан танишиши мумкинлигини билдирди.
1961 йил ЮНЕСКО ташаббуси билан ташкил этилган, айни кунда 35 мамлакатнинг 40 дан зиёд ахборот агентлигини бирлаштирган ОANA кўп қутбли медиа макони ва глобал воқеаларга муқобил нуқтаи назарни шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Дунё ахборот оқимининг учдан икки қисми мазкур тузилмага қўшилган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.
Азиза Алимова, ЎзА