Ҳаж-2025 мавсуми юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди (+видео)

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон Ар-Рабиъанинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаж ва умра сафари йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида таъкидланиб, хорижлик юқори маратбали мулозим юртимизда бу борада йўлга қўйилган ташкилий ишлар, жараённинг ҳуқуқий асоси, рақамлаштириш тизимини, айниқса ўзбекистонлик зиёратчиларнинг тартиб-интизомини юқори баҳолади.
Тавфиқ бин Фавзон Ар-Рабиъа Янги Ўзбекистондаги мислсиз ижобий ўзгаришларни эътироф этиш баробарида, заминимиздан етишиб чиққан ислом уламолари, дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Сино каби буюк мутафаккирлар, илм-фан намояндалари қолдирган маънавий мерос ҳақида ҳаяжон билан сўзлади. Зеро, улуғ аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти халқимиз қалбида ватанга муҳаббат, миллатга садоқат, динга ихлос туйғуларини тарбиялайди.
– Давлатларимиз етакчилари раҳбарлигида олиб борилаётган ўзаро дўстона ва фаол саъй-ҳаракат, интилиш ва олий даражадаги музокаралар икки халқ азалий дўстлигини, мамлакатларимиз ўртасидаги самарали ҳамкорликни янги бочқичга олиб чиқди, – дейди Саудия Ҳаж ва Умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон Ар-Рабиъа. – Савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, илмий-маърифий ва туризм соҳаларидаги ўзаро манфаатли алоқалар кўлами жадал кенгаймоқда. Шуни алоҳида урғулашни истардимки, Ўзбекистоннинг меҳмондўст халқи, муқаддас ва тарихий қадамжолари доим саёҳатчиларни ром этган. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Саудия Aрабистони билан диний-маърифий, тарихий-маданий йўналишда муносабатни янада ривожлантириш учун улкан имкониятга, салоҳиятга эга.
Маълумки, ҳамюртларимиз Макка Ал-Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага бораётган зиёратчиларнинг салмоқли қисмини ташкил этади. Шу боис вазир Умрада хизмат тақдим этадиган ширкатлар фаолиятини яхшилаш, фуқароларимиз ибодатни узлуксиз ва хотиржам адо этишни кафолатлаш асосий мақсад эканини таъкидлади.
Жорий йил республикамизга Ҳаж зиёрати учун 15 000 ўрин ажратилган. Умра квотаси эса эркин, яъни бундай зиёрат учун хоҳловчилар муайян шарт асосида ташриф буюриши мумкин.
Масалан, анжуманда 2024 йил қарийб 461 500 нафар ҳамюртимиз Умра амалини адо этгани, Ўзбекистон Саудия Арабистонига борувчи зиёратчилар сони бўйича дунё мамлакатлари орасида 10-ўринни эгаллагани қайд этилди.
Ушбу давлатнинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилишича, мазкур кўрсаткич 2023 йил билан солиштирилганда 10 фоиз камайган бўлса-да, Марказий Осиёда энг юқори. Таҳлилларга қараганда, ўзбекистонлик умрачилар сони мамлакатда яшовчи мусулмонларнинг 1,4 фоизини ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ҳам Ўзбекистон учун умумий Ҳаж квотаси 15 000 эди.
Муҳаррама Пирматова,
Дониёр Ёқубов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА