Юртдошларимиз учун Японияда ишлаш имконияти кенгаймоқда

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида мамлакатимиз фуқаролари меҳнат миграцияси масаласига бағишланган семинар ва давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва ушбу давлатнинг қатор иш берувчи корхоналари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов иштирокчиларни соҳадаги ҳозирги аҳвол, хорижда ишга жойлашиш жараёнини такомиллаштиришга йўналтирилган ислоҳотлар билан таништирди.
Учрашув чоғида JICA томонидан йўлга қўйилган “Японияда бандлик имкониятидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистоннинг саноат соҳаси кадрлари
салоҳиятини ошириш” лойиҳаси тақдим этилди.
Шунингдек, фуқароларимизга иш қидиришда кўмаклашадиган “Japan Career Portal” онлайн платформаси намойиш этилди.
Эътиборлиси, кўплаб япон компаниялари ўзбекистонлик мутахассисларга қизиқиш билдирди. Муҳокама доирасида томонлар меҳнат муҳожирларини япон тили бўйича ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш учун амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Икки давлатнинг меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга интилишини ифодалаган тадбирда келгуси қўшма фаолият йўналишлари белгилаб олинди.
Азиза Алимова, ЎзА