ЕЧЛ: Абдуқодир Ҳусанов ва унинг жамоаси Мадрид шаҳрида
Бугун тунда Европа чемпионлар лигасининг плей-офф босқичидан ўрин олган жавоб учрашувлари ташкил этилди.
«Милан» – «Фейеноорд» клублари ўртасидаги жавоб ўйинида 1:1 ҳисоби қайд этилди. «Фейеноорд» икки ўйин натижасига кўра кейинги босқичга йўл олди.

Жавоб ўйинларининг энг қизиқарлиси «Аталанта» – «Брюгге» жамоалари ўртасида кечди. Учрашувда меҳмонлар сафида Тальби дубль қайд этди, Ютгла ҳам номини таблога ёздириб қўйди. Мезбонлар вакили Лукман ягона гол билан жавоб қайтарди. Натижада «Брюгге» сафарда 3:1 ҳисобида зафар қучди ва икки ўйин натижасига кўра 5:2 ҳисобидаги ғалаба билан плей-оффдан муваффақиятли ўтиб олди.

Чемпионлар лигасининг плей-оффида «Бенфика» ўз майдонида «Монако» билан ўйнади ва ажойиб ғалабани қўлга киритди. Мазкур ўйин жанговар 3:3 ҳисоби билан якунланди. Жамоаларнинг илк баҳсида «Бенфика» сафарда 1:0 ҳисобида зафар қучгани боис, икки ўйин натижасига кўра 4:3 ҳисобида муваффақият қозонди.

«Бавария» ўз майдонида «Селтик» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашувнинг 63-дақиқасида меҳмон жамоа вакили Кюн ҳисобни очган бўлса, 90+4-дақиқада Дэвис гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа, икки ўйин натижасига кўра, 3:2 ҳисобидаги ғалаба билан Компани шогирдлари мусобақадаги иштирокини давом эттирадиган бўлди.

Бугун, 19 февраль куни “Боруссия Д” – “Спортинг”, “Реал Мадрид” – “Манчестер Сити”, “ПСВ” – “Ювентус”, “ПСЖ” – “Брест” клублари ўртасида плей-оффнинг жавоб ўйинлари бўлиб ўтади.

Ўзбек футбол мухлислари учун энг муҳими, шубҳасиз “Реал Мадрид” ва “Манчестер Сити” клублари баҳсидир. Чунки, “Манчестер Сити”нинг Европа чемпионлар лигаси плей-офф босқичидаги ушбу жавоб учрашувида ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусановнинг майдонга тушиш эҳтимоли юқори.
Манчестерлик футбол ишқибозлари ҳам клубнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали Хосеп Гвардиоладан бўлажак баҳсда ўзбек ўғлонини бошланғич таркибда майдонга туширишни сўраяпти. Улар ўзбек футболчиси рақибнинг энг хавфли ҳужумчиси Винисиус Жуниорни тўхтатишга қодир, деб ҳисобламоқда.

Жамоа раҳбарияти ҳам Абдуқодир Ҳусанов янги Шенген визасини Греция орқали олгани боис, Испания чегарасида муаммо бўлмаслиги учун футболчига алоҳида самолёт ажратди ва самолёт «Манчестер – Афина – Мадрид» йўналишида парвозни амалга оширди.
Бунинг барчаси Абдуқодир Ҳусановга бўлган катта ишончдир. Умид қиламизки, Мадридда ўтадиган учрашувда футболчимиз асосий таркибда майдонга тушади ва ишончли ўйин ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА