
–
Аҳмад Ал-Шараъ: Сурия террорчилар Туркияга таҳдид қилишига
йўл қўймайди

Сурия янги маъмурияти раҳбари Аҳмад Ал-Шараъ (Жўлоний) тъкидлашича, Туркияга таҳдид солаётган қуролли гуруҳлар, жумладан курдлар ҳарбий-сиёсий ташкилоти мамлакат ҳудудида бўлишига йўл қўйилмайди. Яъни, “барча хорижий террорчилар Сурияни тарк этиши керак”. Ал-Жулоний қўшимча қилишича, курдлар бошқа гуруҳлардан фарқли ўлароқ, қуролларини ташлашдан бош тортган ва Мудофаа вазирлигига бўйсунмаган.
Трамп ташқи ёрдамни музлатиш қароридан чекинди
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти “ҳаётий инсонпарварлик ёрдами”ни истисно қилиб, бошқа давлатларга ёрдам дастурларини тўхтатиб туриш ҳақидаги буйруқдан “қисман орқага чекинди”, деб ёзди “New York Times” АҚШ Давлат котиби Рубио Марконинг хизмат ёзишмасига таяниб.
Аввалроқ Оқ уй мамлакат етакчиси дастурларнинг АҚШ ташқи сиёсатига мувофиқлигини баҳолаш учун бошқа мамлакатларга ривожланиш кўмагини 90 кунга тўхтатиб туриш ҳақидаги буйруқни имзолаганини маълум қилганди.
Қайд этилишича, ҳужжатда бундай ёрдам ҳаётни сақлаб қолиш учун зарур дори-дармон, тиббий хизмат, озиқ-овқат, бошпана ва асосий турмуш даражасига эришишга ёрдам беришдан иборатлиги белгиланган.
Ҳиндистондаги фестивалда камида 15 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистоннинг Праяграж шаҳрида Кумб Мела фестивали вақтида тиқилинч юзага келиб, камида 15 киши ҳаётдан кўз юмди, деб хабар тарқатди “Франc Пресс” агентлиги исмини айтмаган шифокорга таяниб.
– Ҳозиргача 15 киши ҳалок бўлди, қолганларга ёрдам кўрсатиляпти, – деган тиббий хизмат ходими.
Қурбонларнинг умумий сони ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Маҳаллий
“Hindu” газетаси ёзишича, фожиа зиёрат қилаётган оломон дарёда чўмилиш маросимини ўтказаётган вақтда юз берган.
Гренландия аҳолиси АҚШга қўшилишга қарши

Гренландияликларнинг 85 фоизи АҚШга қўшилишга қаршилигини тасдиқлади. “Verian” ижтимоий сўров маркази Данияда чиқадиган “Berlingske” ва оролнинг ўзида чоп этиладиган “Sermitsiaq” газетаси орқали ўтказган сўров натижаси шундай хулоса берган. Респондентларнинг атиги 6 фоизи Америкага қўшилишни қўллаб-қувватлаган, 9 фоизи эса жавобда иккиланган.
Сўров 22-26 январь кунлари 18 ёшдан ошган 497 киши билан онлайн суҳбат асосида ўтказилган.
Арманистон Беларусь билан дипломатик муносабатни узадими?

Маҳаллий “Храпарак” газетасирасмий манбаларга таяниб ёзишича, Арманистон Беларусь билан дипломатик муносабатни узиш ҳақида ўйлаяпти. Бунга томонларнинг кескин баёнотлари, хусусан Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг Бош вазир Никол Пашинян “Арманистонни йўқ қилади” деган сўзларидан кейин Ереван ва Минск муносабати ёмонлашгани сабаб бўлган.
Газета Пашиняннинг Путин билан телефон орқали сўнгги мулоқоти жуда кескин кечганини таъкидлаган. Яъни, гарчи Бош вазир Европа Иттифоқига қўшилиш Россия билан муносабатдан воз кечишни англатмайди, дея ўзини оқлашга уринган бўлса-да, Путин суҳбатдошига ўта қуруқ оҳангда “бу Арманистон учун яхши қадам эмаслиги”ни билдирган.
Рубио ЕИнинг Россияга қарши санкциясини олқишлади

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазири Кажа Каллас билан суҳбат чоғида Брюссель Россияга қарши санкцияни узайтиришини маъқуллаган.
– Котиб Европа Иттифоқининг Россияга нисбатан санкцияни узайтириш қарорини олқишлайди, – дейилган Давлат департаменти баёнотида. – Томонлар музокара чоғида умумий устуворлик бўйича АҚШ ва ЕИ ҳамкорлигини чуқурлаштириш йўлларини муҳокама қилди.
Рубио, шунингдек, Калласни Европа мудофаа харажатини оширишга чақириб, трансатлантик хавфсизликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаган. Бу билан Хитойдан келаётган таҳдидга ишора қилган.
АҚШ Париж келишувини тарк этяпти

БМТга АҚШдан Вашингтон 2026 йил 27 январда Иқлим бўйича Париж келишувидан чиқиши тўғрисида мактуб келди, деди жаҳон ташкилоти Бош котиби матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Фарҳон Ҳақ “РИА Новости” агентлигига.
– Америка Қўшма Штатларидан хат олганимизни тасдиқлайман, – деди Ҳақ Вашингтондан тегишли билдиришнома келгани ҳақидаги сўровга жавобан.
Иқлим ўзгариши бўйича келишув 2015 йил 12 декабрь куни Парижда бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси 21-конференцияси якуни бўйича қабул қилинган. Ҳужжатни 175 давлат, жумладан АҚШ, Хитой ва Россия ҳам имзолаган. Америка ҳукумати 2019 йил 4 ноябрда келишувдан расман чиқди. Президент Жо Байден 2021 йил 19 февралда, яъни ўз инаугурациясидан сўнг мамлакат конвенцияга яна қайтганини эълон қилди. Дональд Трамп эса 2025 йил январь ойида лавозимга киришганидан бир неча соат ўтиб, АҚШни яна иқлим бўйича Париж битимидан чиқарди.
Париж музейини таъмирлаш лойиҳаси 700-800 миллион еврога баҳоланмоқда

Бу ҳақда “Франc Пресс” агентлиги мамлакат Президентига яқин доираларга таяниб ёзди.
– Мажмуани реконструкция қилиш лойиҳаси 700-800 миллион еврога баҳоланмоқда ва жараён тахминан 10 йил давом этиши кутиляпти, – дейилган хабарда.
Таъкидланишича, лойиҳани молиялаштиришда давлат “жуда кам миқдорда” иштирок этади, асосий маблағ музейнинг БААдаги филиали ва хайрия ҳисобидан тўпланиши режалаштирилган.
Туркия парламенти тоғ-чанғи курортида юз берган ёнғинни текшириш бўйича комиссия тузди

Қартолқоя тоғ-чанғи курортидаги “Grand Kartal” меҳмонхонасида юз берган ёнғинни текшириш бўйича тузилган комиссияга 22 нафар депутат киритилди, деб хабар тарқатди “TRT Haber” телеканали.
Комиссиянинг ёнғин сабабини ўрганиш бўйича якуний ҳисоботи уч ой ичида тайёр бўлади.
Аввалроқ мамлакат парламенти Спикери Нўъмон Қуртулмуш журналистларга депутатлар хулосаси фожиа сабабига ойдинлик киритишини таъкидлаганди. У шунингдек, фожеага алоқадор шахсларнинг барчаси суд қаршисида туришига ишонч билдирди.
С.Раҳимов, ЎзА