Бугун давлатчилик тарихимизда илк бор миллий парламентимиз аралаш сайлов тизими асосида шаклланди, янги сайланган депутатлар олдида мамлакатимиз тараққиётига асос бўлувчи долзарб ислоҳотларни амалга ошириш вазифаси турипти. Бунда халқаро тажрибалар асосида фаолиятни такомиллаштириш, инновацион ёндашувларни жорий этиш талаб қилинади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Парламент тадқиқотлари институти томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Пропорционал сайлов тизими асосида сайланган депутат фаолиятини ташкил этишнинг Германия тажрибаси” мавзусида халқаро амалий семинар ўтказилди.
Унда сиёсий партия фракциялари аъзолари, Германия парламенти депутатлари, Парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг минтақавий ваколатхонаси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, янгиланган Конституциямиз асосида миллий парламентимизнинг демократик қиёфаси тубдан ўзгарди. Парламентимиз давлатчилик тарихимизда илк бор аралаш сайлов тизими асосида шаклланди. Шу боис, партия рўйхати асосида сайланган депутатларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш долзарб аҳамиятга эга.
Тадбир аввалида Германия парламенти аъзолари сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларни юқори баҳолади. Бундестаг депутатлари томонидан Германия сайлов қонунчилигининг ўзига хос хусусиятлари, депутатларнинг сайловчилар билан ишлашнинг муҳим принциплари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Семинар ўзаро тажриба алмашинуви асосида бўлиб ўтди. Якунда депутатлар фаолиятини ташкил этиш бўйича туркум учрашувлар ташкил этишга келишиб олинди.
М.Комилова, ЎзА