Жорий йил 29 ноябрь – 8 декабрь кунлари Туркияда анъанавий халқаро Анқара китоб байрами бўлиб ўтмоқда.
АОКА ахборот хизмати маълумотига кўра, ушбу нуфузли халқаро кўргазма 21 йилдан буён ҳар йили баҳор ва куз фаслида кўплаб хорижий мамлакатларнинг ноширлик компаниялари ва таниқли ёзувчилар иштирокида ташкил этилади.
Бу йилги кўргазмада 250 дан ортиқ ношир, минг нафардан ортиқ ёзувчи, шу жумладан, АОКА ва республикамизда фаолият юритувчи бир нечта нашриётлар вакиллари иштирок этмоқда.
Халқаро китоб байрами доирасида бир қатор конференция, семинар ва учрашувлар бўлиб ўтади.
Маълумот учун айтиш керакки, 2025 йил май ойида бўлиб ўтадиган навбатдаги китоб байрамида мамлакатимизнинг ноширлик салоҳияти, ўзбек ижодкорларининг асарларини хорижда кенг оммалаштириш, шунингдек, маданий анъаналарини танитиш мақсадида Ўзбекистон фахрий меҳмон давлат сифатида иштирок этиши кўзда тутилган.
Бу йилги кўргазманинг фахрий меҳмони Озарбайжон Республикаси этиб белгиланган.
Н.Усмонова,
ЎзА