Қорақалпоғистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги қонуни қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ўрнатилган Бердақ ҳайкали пойида гул қўйиш маросими ва Ёзувчилар уюшмасида маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунос олимлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тантанали тадбирда ёзувчи ва шоирлар, ижодкор зиёлилар мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳаларда кечаётган ислоҳотлар Ватанимизни тараққий эттириш, унинг жаҳон миқёсидаги халқаро обрўсини янада юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид тантанали тадбир қатнашчиларини Қорақалпоғистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганининг 35 йиллик байрами билан табриклади.
Тадбирда ўтган давр мойбанида қорақалпоқ тилини янада бойитишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Хусусан, қорақалпоқ тилидаги янги дарсликлар билан қўлланмалар, бадиий китоблар нашрдан чиқарилаётгани, илмий анжуманлар ва бошқа тадбирларнинг ташкил этилаётгани, Ибройим Юсупов номидаги қорақалпоқ тили ва адабиёти фанини чуқур ўргатишга ихтисослашган ижод мактабининг очилганини қайд этиш мумкин. Адиблар хиёбонида қорақалпоқ шоир ва ёзувчиларининг ҳайкаллари ўрнатилиши шулар жумласидандир.
Тадбирда сўзга чиққанлар она тилимизни янада ривожлантириш, миллий урф-одатлар ва қадриятларимиз нуфузини янада ошириш ва уларни кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъаналаримизга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин эгаллашини таъкидлади.
Байрам дастурида дилбар қўшиқлар тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА