Энергетика вазирлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Энергетика вазирлигига бириктирилган аъзолари билан учрашув ўтказилди.

Вазирлик масъуллари ва Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этган ушбу тадбирда мамлакатимизда ёш авлод вакилларига яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз борди.

Таъкидланганидек, бу ишларда Ёшлар парламенти фаолияти муҳим ҳисобланиб, унинг асосий мақсади ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнларига ёшларни фаол жалб қилиш ҳамда қабул қилинаётган қонунларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини таъминлашдан иборат.

Шунингдек, тадбир давомида вазирлик томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича янгиликлар, “оғир” тоифадаги ёшлар билан олиб борилаётган ишлар, вазирликка бириктирилган Ёшлар парламенти аъзоларининг асосий устувор вазифалари, улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ҳисобот алмашиш жараёнлари, шунингдек, келгусидаги асосий режалар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда вазирлик тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Жумладан, бугунги кунда ёқилғи-энергетика комплекси тизимида 100 минг нафардан зиёд ишчи-ходим фаолият юритмоқда. Улар орасида 14 минг 315 нафари 30 ёшгача бўлган ходимлар бўлса, 30 ёшгача бўлган аёллар сони 1 минг 210 нафарни ташкил этади. Бугунги кунда 281 нафар ёш раҳбарлик лавозимларида ишламоқда, уларнинг 15 нафари хотин-қизлардир.

Шунингдек, ёш мутахассисларнинг ривожланган давлатларда тажриба орттириши учун хорижий мамлакатларга хизмат сафарларини ташкил этиш ва уларни нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга юбориш ишлари давом эттирилмоқда.

Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга масъуллар томонидан жавоб қайтарилди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА