21 ноябрь – Бутунжаҳон телевидение куни
Ҳар қандай воқеа ва янгиликлар инсон онгига сингиб, ишончига сабаб бўлишида, аввало. кўз ҳамда қулоқларнинг ўрни беқиёс. Дунёнинг бир четида содир бўлаётган ҳодисаларни кимдир шунчаки гапириб берса, ўз-ўзидан ишонишга шошилмассиз, аммо бундан телевидение орқали хабардор бўлсангиз, шубҳасиз, хулосаларингиз кўрганларингизга таяниши табиий. Демак, бугунги кунда инсоният телевидение имкониятларига таяниб, дунёни кашф этяпти, десак ҳам муболаға бўлмайди.
Бугун 21 ноябрь – Бутунжаҳон телевидение куни. Унинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, 1996 йил 21-22 ноябрь кунлари Бирлашган миллатлар ташкилотида Биринчи жаҳон телевизион форуми ўтказилган. Кенг муҳокамалардан сўнг БМТ Бош Ассамблеясининг 1996 йил 17 декабрдаги қарори билан 21 ноябрь – Бутунжаҳон телевидение куни деб эълон қилинган.
Тан олиш керак, телевидение турли можаро, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид соладиган ҳар қандай ҳолатларга ва иқтисодий-ижтимоий масалаларга жаҳон аҳли эътиборини қаратишда улкан таъсир этувчи кучдир. Дунёнинг кўпгина мамлакатларидаги соҳа вакиллари 21 ноябрни байрам сифатида нишонласа-да, бошқа барча айёмлар каби ушбу кунда ҳам ишлайдилар.
Телевидениенинг келиб чиқиши тарихи ХХ асрнинг бошларига бориб тақалади. Замонавий ясси экранли телевизорларнинг “бобокалонлари” АҚШ, Япония ва Россия ҳудудида тадқиқотлар олиб бориш жараёнида пайдо бўлган. 1930 йилларнинг бошларида собиқ совет иттифоқи олимлари ва муҳандислари Борис Розинг, Семён Катаев, Александр Константинов, Питер Тимофеев, Павел Шмаков, америкалик ихтирочилар Владимир Зворикин ва Фило Фарнсуорт, британиялик муҳандис Алан Кемпбелл Суинтон ва бошқа олимларнинг меҳнати туфайли телевизор фойдаланиш босқичига олиб чиқилган.
Кўплаб манбаларда телевизорнинг ватани дея пойтаxтимиз Тошкент шаҳри эътироф этилади, яъни электрон телевидение 1928 йилда тошкентлик икки кашфиётчи Б.Грабовский ва И.Белянский томонидан яратилган бўлиб, тажриба сифатида қўлланилган илк телевизион ускуна ўша пайтда “телефот” деб номланган.
Биринчи телевизорлар тасвирни фақат оқ-қора рангларда кўрсатган. 1950 йилларнинг бошида кўплаб давлатларда рангли телевизорлар ишлаб чиқилган. Бугун Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг етакчиси саналган телевидение фаолияти жаҳон талабларига муносиб тарзда ривожланган. Буни мамлакатимизда фаолият юритаётган давлат ва нодавлат телеканаллар фаолиятидан ҳам англаш мумкин.
– Телевидение – катта ижтимоий куч! Мамлакатимиз спортчилари халқаро майдонларда ижобий натижаларни қайд этганида, ҳар биримизнинг қалбимиздан ўтаётган Ватандан фахрланиш, ҳилпираётган байроқдан кўзимиз яшнаб, кўнглимиз тоғдек ўсиши сингари ноёб феноменни сўз билан ифодалаб бериш қийин. Шундай экан, бошқа соҳа ва йўналишлардан ташқари, биргина спорт мавзуси телевидение орқали ёритилмай қолса борми, назаримда, одамларни оний лаҳзаларда жўшқин ҳиссиётни берадиган тарихий ғалабалардан бебаҳра қолдирган бўламиз, – дейди “Спорт” телеканали директори Зоҳид Каримов. – Аҳолига доимо ҳам кўра олиш имконига эга бўлмаган спорт мусобақаларидан баҳраманд бўлиш имконини айнан телевидение беради.
Шу ўринда спорт тадбирларини трансляция қилишдан келадиган иқтисодий манфаатни ҳам унутмаслик керак. Сўнгги йилларда телеканалларимизда ўзига хос ўсиш кузатилмоқда. Буни биз ҳам иқтисодий самарадорлик натижаларида, ҳам дастурларнинг томошабоплигини аниқлайдиган рейтинг ўлчовлари акс эттираётган рақамларда кўряпмиз. Шундан келиб чиқиб, “Спорт” телеканали ҳам ўз олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни муваффақият билан адо этиб келмоқда.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА