Юртимизга кўз-қиш мавсуми кириб келиши билан аҳолининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжи янада ортади.

Шу билан бирга фойдаланилган энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида тўлаш муҳим аҳамиятга ҳам эга. Шунга қарамасдан, айрим истеъмолчилар фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида тўламаганлиги сабабли уларнинг қарздорликлари суд қарорларига асосан мажбурий тартибда ундирилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 19 июлдаги қарорига асосан фойдаланилган электр энергиясидан юзага келган қарздорликларни тўламаган “Қорақалпоқ сув таъминоти” акциядорлик жамиятидан “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти фойдасига жами  4 миллиард 893 миллион 634 минг 266 сўм ундириш белгиланган.

Ушбу суд қарори бўйича чиқарилган ижро варақа юзасидан Мажбурий ижро бюроси Тахтакўпир туман бўлими томонидан ижро ҳаракатига киришилди. Хусусан, қарздор жамиятнинг асосий банк ҳисоб рақамига электрон инкассо қўйилиб, балансидаги 20 та автотранспорт воситасига тақиқ ўрнатилди.

Натижада 4,9 миллиард сўмлик коммунал қарздорлик тўлиғи билан ундирилиб, суд қарори ижроси амалда таъминланди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири