Парламентлараро ҳамкорлик кўлами кенгаяди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлиги ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки мамлакат делегацияларининг ташрифлари бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Учрашувда ўзаро алоқаларнинг истиқболлари, хусусан, парламентлараро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш орқали мамлакатларимиз ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари хусусида сўз юритилди.
Меҳмонларга мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси асосида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, хавфсизлик ва миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ўзаро манфаатли, амалий ташқи сиёсат соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Делегация аъзолари, шунингдек, қуйи палатанинг фаолияти ва тузилиши, депутатлик бирлашмалари, қўмиталар, комиссиялар ва хорижий парламентлар билан ҳамкорлик қилиш доирасида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари, қонунчилик тизимидаги янгиликлар билан таништирилди.
Мулоқот чоғида томонлар парламентлараро муносабатлар барқарор ривожланиб бораётганини, айни пайтда уни икки мамлакат салоҳияти даражасида янги босқичга олиб чиқиш учун ҳали ишга солинмаган имкониятлар мавжудлигини қайд этди.
Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж парламентлараро алоқаларни доимий йўлга қўйиш бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик ривожига асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. Икки мамлакатнинг долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан қарашлари ўхшашлиги, давлатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш муштарак мақсад эканини алоҳида қайд этди.
Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доир бошқа масалалар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.

 

ЎзА