Маълумки, бошқа давлатлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни изчил ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгиланган. Бугун Тошкентда бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар таҳлилий марказларининг “Узоқ муддатли ҳамкорлик учун янги кун тартиби” мавзусидаги халқаро конференцияси ҳам айни мақсадга хизмат қилади.
Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети томонидан МДҲ Ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз етакчи таҳлилий марказлари – Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Марказий Осиё халқаро институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва минтақавий тадқиқотлар институти вакиллари иштирок этди.
Анжуманда МДҲ давлатларидан Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон етакчи экспертлари ҳам қатнашди.
Ҳамдўстлик маконидаги жараёнларни чуқур таҳлил қилиш, истиқболни белгилаш, янги имкониятларни ўрганиш ва барқарор ривожланиш учун эҳтимолий хавфни биргаликда баҳолаш конференциянинг асосий мақсади эди. Мунозара давомида умумий ривожланишга ҳисса қўшадиган мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ва ностандарт ечимлар учун таклифлар тингланди.
Экспертлар иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан “яшил”ликка ўтиш, саноат кооперацияси, савдо, транспорт, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, шунингдек маданий-гуманитар йўналишларга алоҳида тўхталди.
2023 йил Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари раҳбарлари Кенгаши йиғилишидаги нутқида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари суриб, жумладан салоҳиятни баҳолаш ва мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш учун Ҳамдўстликнинг ноёб платформасидан фойдаланиш муҳимлигини таъкидлаган эди. Ўшанда давлатимиз раҳбари тегишли шартномани қайта кўриб чиқишга чақириб, барқарор иқтисодий ўсиш ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо ҳудудини имкон қадар тезроқ шакллантириш зарурлигига эътибор қаратган. Айни пайт ушбу ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш йўлида изчил иш олиб борилмоқда.
МДҲ мамлакатларида 240 миллиондан зиёд киши, яъни дунё аҳолисининг 3,7 фоизи истиқомат қилади. Ҳамдўстлик ер юзи ҳудудининг 16 фоизини эгаллаган. Ялпи ички маҳсулот тахминан 2,5 триллион доллар ёки жаҳон ЯИМнинг 2,8 фоизига тенг. Сайёрамиз табиий газ ва кўмир захирасининг қарийб 30, нефтнинг 20, ураннинг 36, олтиннинг 20, ҳайдаладиган ернинг 13 фоизи МДҲ ҳиссасига тўғри келади.
Жаҳон бозоридаги вазият ҳамкор мамлакатлар учун энергетика, логистика, транспорт ва саноат кооперацияси соҳаларида янги имкониятлар очмоқда. Бу жараён муқобил савдо ва логистика йўналишларини ишлаб чиқиш, қўшилган қиймат занжирини мувофиқлаштириш, иқтисодиётда бир-бирини тўлдириш салоҳиятидан имкон даражасида самарали фойдаланиш билан боғлиқ бўлиб, бизнес алоқаларини фаоллаштиришга хизмат қилади.
Мавжуд салоҳиятни юзага чиқариш учун бирлашма доирасида ноёб кўп қиррали ҳамкорлик платформаси имкониятидан тўлиқ фойдаланиш лозим. Натижада эҳтимолий хавф биргаликда баҳоланади, мувофиқлаштирилган чоралар кўриш ва ностандарт ечимлар ишлаб чиқиш имконияти кенгаяди.
МДҲ ҳудудида экологияга дахлдор асосий масалалардан бири трансчегаравий ҳудудлар сув ресурсларини оқилона тақсимлаш ва сувдан унумли фойдаланишдир. Марказий Осиёда Орол бўйи ҳудуди, шунингдек минтақа мамлакатларини сув билан таъминлаш долзарб муаммо ҳисобланади. Зеро, бу ҳудуддаги йирик дарёлар бир неча давлат чегарасини кесиб ўтади. Шу боис минтақалар аро жиддий экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича жамоавий саъй-ҳаракатлар ўта муҳим аҳамият касб этади.
Қолаверса, Ҳамдўстлик доирасида маданий-гуманитар алоқалар фаол ривожланмоқда. МДҲ майдонида йилларни номлаш амалиёти айни йўналишдаги самарали восита сифатида намоён бўлмоқда.
“Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти” давлатлар аро дастури бўйича иш изчил давом эттириляпти. 2024 йил тарихий Самарқанд маданият пойтахти номини олди. Ажойиб меъморий ёдгорликлари, музей ва театрлари билан машҳур бу қадимий шаҳар МДҲ мамлакатлари учун умумий маданий макон ва мулоқот ғоясини илгари суриш учун мукаммал жойдир.
Ҳозиргача Самарқандда кўплаб муҳим маданий тадбирлар – кўргазма, ижодий кеча, фестиваль, қўшма концертлар ташкил этилди. Бу лойиҳалар Ҳамдўстлик майдонида маданий алоқаларни ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшиб, халқларимиз ҳамжиҳатлиги, жипслигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мусулмон Зиё, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА мухбирлари