Сенатда “Кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўлаш мезонларини такомиллаштириш” мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўлаш механизми қандай ишлаётганига эътибор қаратилди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўлаш бўйича ташкил этилган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимининг қулайликлари, шунингдек, ушбу йўналишдаги мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали инсон омилини бартараф этиш мақсадида ва хорижий компанияни ёллаган ҳолда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Мазкур тизим 2019 йилда Сирдарё вилоятида синовдан ўтказилиб, 2020 йил якунига қадар босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудига жорий этилди.

Бугунги кунда нафақа тайинлаш ёки рад этиш жараёнида инсон омили тўлиқ бартараф этилиб, ахборот тизимига 16 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимларидан 56 турдаги маълумотлар электрон тарзда олинмоқда.

Қайд этиш керакки, болаларга нафақа ва болани парвариш қилиш нафақаси ўрнига ягона болалар нафақаси жорий этилди. Болалар нафақаси тўлов муддати амалдаги 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди. Болалар нафақаси миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланади. Оиланинг ҳар бир аъзосига бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан (бугунги кунда – 648 минг сўм) ошмаганда, оила кам таъминланган, деб эътироф этилади. Болалар нафақаси ва моддий ёрдам пулини банк карталари орқали олувчиларга 1 фоиз миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинди. Буларнинг барчаси ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Семинарда кейинги 5 йилда мамлакатимизда ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 5,1 баробарга ошгани ва ҳозирда 1,2 миллиондан ортиқ оилага йилига 10,3 триллион сўм нафақа тўлаб келинаётгани таъкидланди.

Семинарда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини янада такомиллаштириш, кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий ҳолатини шаффоф баҳолаш механизмини ишлаб чиқиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Сенаторлар, вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбир якунида ахборот тизимини такомиллаштириш ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўлаш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА