Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида тиббий ва соғломлаштириш туризмини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, «Тиббий хизматлар меҳмондустлиги» («Medical service hospitality») дастури амалга оширилади. Шунингдек, давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ҳамда санаторий ва пансионатлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини мониторинг қилиш тизими;
консалтинг – диагностика – даволаш – туроператор – транспорт- тиббий таржимон хизматларини биргаликда кўрсатадиган тиббий туризм кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш ва уларни рағбатлантириш механизмларини жорий қилиш;
«Авиценна» номи остида Ўзбекистон Республикасининг тиббий ва соғломлаштириш туризми брендини ишлаб чиқиш ва уни доимий равишда тарғиб қилиб бориш;
тоифали (юлдузли) меҳмонхоналар типидаги санаторийлар фаолиятини йўлга қўйиш ва уларни сертификатлаштириш тизимини жорий қилиш;
тоғли, шифобахш балчиқ қатламлари бор ҳамда шифобахш сувлар қаторига киритилган ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик сув (термал сув) объектлари мавжуд бўлган ҳудудларда санаторий-курорт зоналарини ташкил қилиш;
2025 йил 1 апрелга қадар интернет тармоғи орқали яшовчиларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган махсус электрон дастури (E-mehmon)ra уланган хусусий тиббиёт ва соғломлаштириш муассасаларини дастлабки олти ойлик абонент тўловини тўлашдан озод қилиш ишлари амалга оширилади.
Қарор билан:
Тиббий ва соғломлаштириш туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури;
Замонавий талаблар асосида санаторий-курорт зоналарини ташкил қилиш режалаштирилган туман ва шаҳарлар рўйхати;
2025-2026 йилларда Андижон, Наманган, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида замонавий талаблар асосида санаторий-курорт зоналарини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар дастурлари;
Тиббиёт ва соғломлаштириш муассасаларининг шифокорлари томонидан бепул тиббий диагностика хизматларини ташкил қилиш билан боғлиқ харажатлари қоплаб бериладиган хорижий мамлакатлар рўйхати;
2024-2027 йилларда тиббий ва соғломлаштириш туризмини янада ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.
Халқаро қўшма комиссиядан (Joint Commission International) аккредитациядан ўтган дастлабки 30 та хусусий тиббиёт муассасасининг аккредитациядан ўтиш харажатларининг 50 фоизи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда имтиёздан фойдаланган хусусий тиббиёт муассасаси билан аффилланган шахсларга мазкур имтиёз тақдим этилмайди;
шифобахш сувлар қаторига киритилган ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик сув (термал сув) объектларидан тиббиёт муассасалари, санаторий ва пансионатлар тенг ва умумий тартибда фойдаланади.
Туризм қўмитаси 2025 йил 1 мартга қадар:
тиббиёт муассасалари, санаторийлар ва тиббий туризм йўналишида хизмат кўрсатувчи туроператорларнинг хизматлари сифати баҳолаб борилишини назарда тутувчи рейтингни шакллантириш учун электрон платформа;
давлат тили ва хорижий тилларда тиббиёт ҳамда соғломлаштириш муассасаларининг ягона реестри ишга туширилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар Ягона реестрга киритилган тиббиёт ва соғломлаштириш муассасаларининг халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларда ўз хизматлари ҳамда маҳсулотлари билан иштирок этиш харажатлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Туризм қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг тиббий ва соғломлаштириш туризми имкониятларини тартиб қилиш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.
ЎзА