Ўзбекистон Республикаси Президенти “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, 2023 йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ҳамда барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.
Камбағалликни қисқартириш соҳасида эришилган ижобий натижалар ва тўпланган миллий тажриба ҳамда илғор халқаро амалиёт асосида ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини руёбга чиқариш учун имконият яратишга қаратилган «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури амалга оширилади.
Дастур 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб «Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият» тамойили асосида амалга оширилади:
барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиш – тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда ҳар бир маҳаллага етакчи тадбиркорларни жалб қилиш, томорқадан самарали фойдаланиш, ҳар бир туман ва шаҳарда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга туртки берувчи камида 5 тадан «драйвер» лойиҳаларни амалга ошириш, қўшимча 50 минг гектар экин майдонларини камбағал оилаларга ижарага бериш, уларга кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўкон, мотороллер, скутер каби воситаларни бўлиб тўлаш шарти билан бериш;
таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш – 2024-2025 йилларда камбағал оилалар фарзандларининг мактабгача таълим билан қамров даражасини 80 фоизга етказиш, оиланинг камида битта фарзандини хорижий тилларга, касб-ҳунарга ёки мутахассисликка ўқитиш, битта фарзанди, хусусан, қиз фарзандининг олий маълумотга эга бўлиши учун шароит яратиш, болаларни компьютер саводхонлигига ўргатиш, ахборот технологиялари ва дастурлаш бўйича ўқув курсларида ўқиши учун шароит яратиш, шу жумладан, мактабларда тўгараклар ташкил этиш;
кафолатланган давлат тиббий хизматидан фойдаланиш – камбағал оилаларнинг ҳар бир аъзоси бир йилда бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтиши, уларнинг ўз соғлиғи учун масъулиятини ошириши (кундалик турмуш тарзи ва овқатланишда зарарли одатлардан воз кечиши), ҳар бир фарзанди спорт тўгаракларига қатнашиши учун имкониятлар яратиш, оиланинг тиббий хизматларга ўз ҳисобидан сарфлайдиган харажатларини икки баробар қисқартириш;
ижтимоий хизматлардан фойдаланиш – ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи омилларни бартараф этиш, хусусан, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кундузги қатнов асосида қараб туриш, болаларни тарбиялаш ва кундузги парваришлаш хизматларини йўлга қўйиш;
яшаш шароитларини яхшилаш – ипотека тизимидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, маҳаллаларда экологик тоза материаллар ва технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий «яшил» турар жойларни қуриш ёки реконструкция қилиш, тоза ичимлик сувни етказиш, хонадонларда энергия тежовчи инновацион ёритиш, иситиш ва иссиқ сув таъминоти ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш тизимларини жорий этиш;
давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш – томорқаларни суғориш суви, маҳаллани электр энергияси ва интернет билан узлуксиз таъминлаш ҳамда унинг туман маркази билан транспорт жиҳатидан боғланганлигини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, ҳудудларни жадал комплекс ривожлантириш дастурларини босқичма-босқич амалга ошириш;
давлат органлари ходимлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш – барча бўғиндаги давлат ҳокимияти органлари камбағал оилалар билан мунтазам тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиши, бирдамликда ҳаракат қилиши ҳамда раҳбарларни камбағал оилаларга бириктириш, уларнинг муаммоларини биргаликда ечишга кўмаклашиш.
Фармон билан «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича республика комиссияси ҳам ташкил этилади.
Комиссияга қуйидаги вазифалар юклатилади:
Дастурнинг ижроси юзасидан республика ва маҳаллий ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, камбағалликдан чиқариш бўйича амалга оширилган ишларни жойларга чиққан ҳолда ўрганиш;
Дастурда назарда тутилган имкониятларни руёбга чиқариш юзасидан барча даражадаги идора ва ташкилотларнинг, шунингдек, камбағал оилаларга ва маҳаллаларга бириктирилган раҳбарлар фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш;
ҳар ой якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида амалга оширилиши таклиф этилаётган вазифалар юзасидан ахборот киритиб бориш.
2024 йил 1 декабрдан бошлаб «маҳалла еттилиги» томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароити ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш натижасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб:
а) кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилаларнинг расмий банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни уларнинг муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлаш давом эттирилади;
б) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади;
в) камбағал оилаларга кўмак чоралари ижтимоий шартнома асосида меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш (экин экиш), оила аъзолари, шу жумладан, фарзандларининг билим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши ҳамда соғлигини назоратга олиши, уй-жойини озода тутиши каби шартлар инобатга олинган ҳолда кўрсатилади.
Бунда ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда, ижтимоий ёрдам ва хизматлар (ижтимоий нафақадан ташқари) кўрсатиш тўхтатилади.
ЎзА