Қатар Давлати етакчи босма нашри – “Аш-Шарқ” Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” VIII Халқаро конгрессини батафсил ёритиб борди. Хусусан, анжуман доирасида газета бош муҳаррири Жобир Салим Ал-Ҳармий Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев билан учрашганига алоҳида эътибор қаратди.
Мақолада мулоқот чоғи Б.Аълоев аксарият минтақавий ва халқаро масалалар бўйича икки давлат нуқтаи назарида уйғунлик мавжудлиги, томонлар халқларимиз фаровонлиги йўлида турли соҳалар бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканини қайд этганига урғу берган.
– Қатар Ўзбекистоннинг Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашидаги яқин стратегик ҳамкори, – дейди дипломатимиз. – Халқларимиз бир-бирига яқинлашишда давом этар экан, ҳали кўп иш қилишимиз, янги уфқлар очишимиз кераклиги аён. Ҳозир биз мамлакатларимиз фаровонлигини таъминлашга ёрдам берадиган янги, мустаҳкам ва ишончли ҳамкорлик кўприкларини қурмоқдамиз.
Ташқи сиёсий идорамиз масъул вакили Қатар – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши биринчи мажлисини шу йил ноябрь ойида ўтказиш режалаштирилганини маълум қилди. Мазкур илк қадамдан кейин ҳар йили навбатма-навбат учрашувлар ташкил этилиши, шериклик дастурлари ишга туширилиши таъкидланди. Давлатларимиз икки муҳим минтақа – Марказий Осиё ва Форс кўрфази ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида жиддий миссияга эга. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда 2025 йил Марказий Осиё ва Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг иккинчи саммити ўтказилиши ҳам фикримизни исботлайди.
Табиийки, қатарлик ҳамкасбларимиз Самарқандда бўлиб ўтган “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” VIII халқаро конгресси ҳамда “Шарқ тароналари” ХIII халқаро мусиқа фестивалини ҳам батафсил ёритишган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА