Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида ўтаётган “Президент кубоги-2024” халқаро мусобақасининг ортда қолган 6-тури доирасидаги Нодирбек Абдусатторов – Жавоҳир Синдоров баҳси дуранг билан якунланди.
Мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг бош соврини учун дунёнинг кўзга кўринган гроссмейстерлари баҳс олиб бормоқда.
6-турда Жавоҳир Синдоров ҳамда мусобақанинг биринчи рақамли шахматчиси Нодирбек Абдусатторов ўз ҳисобларига ярим очкодан ёзиб қўйишди. Айтиш лозим, ушбу икки шахматчи фаолияти мобайнида 27 маротаба тўқнаш келишган бўлиб, 9 тасида Нодирбек, 7 тасида Жавоҳир устунликка эришган. Қолган 11 тасида дуранг қайд этилган.
“Президент кубоги-2024”да муваффақиятли иштирок этаётган Ортиқ Нигматов 6-турда Синдоровнинг очко йўқотишидан унумли фойдаланди. У қора доналарда турнирда бешинчи рақамда таснифланган эронлик Амин Табатаини мағлубиятга учратди.
Мазкур турда Муҳиддин Мадаминов – Шамсиддин Воҳидов қарама-қаршилигидаги ўйин ҳам қизиқарли кечди. Унда Ш.Воҳидов ғалабага эришиб, очколарини 4,5 тага етказиб олди. Шунингдек, етакчи шахматчиларимиздан Нодирбек Ёқуббоев россиялик Михаил Никитенкодан устун келди. Турнирда иккинчи рақам остида таснифланган эронлик Парҳам Магсудлу 6-турда россиялик Иван Землянскийни таслим этди.
Олтинчи тур якунларига кўра, Ортиқ Нигматов 5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 1-ўринга кўтарилиб олди. Саҳа Нилаш (Ҳиндистон), Жавоҳир Синдоров, Ниҳал Сарин (Ҳиндистон) ва Санкалп Гупта (Ҳиндистон) ҳисобида ҳам 5 очко мавжуд. Нодирбек Абдусатторов 4,5 очко билан 6-ўринда бормоқда.
Бугун, 27 ноябрь куни ўтадиган 7-тур доирасида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Абхиманью Пураник билан, Ортиқ Нигматов қора доналарда Ниҳал Сарин билан, Жавоҳир Синдоров оқ доналарда Санкалп Гупта билан, Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда Шамсиддин Воҳидов билан беллашади.
Мусобақанинг “В” гуруҳидаги баҳсларда эса 132 нафар шахматчи орасида ҳамюртимиз Саъдулла Азизов 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Бугун “В” гуруҳининг 7-туридаги марказий учрашувлар Беҳруз Умаров- Саъдулла Азизов, Ирик Хамидулин – Баҳора Эгамбердиева, Беҳруз Қудратов- Эмир Шаршенбеков ўртасида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 9 турдан иборат “Президент кубоги-2024”нинг ғолиб ва совриндорлари 29 ноябрь куни аниқланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА