Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлисида “Ер қаъри тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама этилди.

Қонун билан ер ости бойликларига эгалик қилиш ва уларни тасарруф этиш, шунингдек, ер қаъридан фойдаланиш ҳамда уни муҳофаза қилиш чоғида юзага келадиган муносабатлар тартибга солинмоқда.

Қонун асосида фойдали қазилмалар ўрганилиши ва иқтисодий асосларга кўра классификацияланиши белгиланмоқда. Ер қаъри участкаларининг давлат фондига янги “захира фонди” тушунчаси киритилиб, унинг моҳияти ёритиб берилмоқда.

Ер ости бойликлари тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлиги назарда тутилиб, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан қизғин муҳокама қилиниб, Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилиши белгиланди.

Шу билан бирга, мажлисда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган “йўл харитаси” ижроси ҳамда мазкур вилоятда турмуш даражасини янада яхшилаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

Мажлисда ҳудудлардаги ечимини кутаётган камчиликлар ва муаммоли масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги 35 гектар майдонда ташкил этилган “Ургут” эркин иқтисодий зонаси филиалида саноат соҳасида юқори ҳамда ўрта юқори технологияли лойиҳаларни жойлаштириш ва амалга ошириш орқада қолаётгани, Кўкдала туманида намунавий маданият маркази қурилишида муаммолар борлиги айтиб ўтилди.

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида хорижий инвесторлар ҳамкорлигидаги “Қўй жунидан ланолин субстанциясини ажратиб олиш” лойиҳасини амалга ошириш тармоқ жадвалидан ортда қолаётгани, вилоятда фаолият юритаётган паст қувватли 5 та коллеж ва техникумни замонавий касб-ҳунар мактабига айлантириб, 2 минг нафар касб эгаларини тайёрлаш вазифаси ҳам кечикаётгани қайд этилди.

Қўмита мажлисида вазирлик ва идоралар ҳамда вилоят масъул раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Вилоятларда автомобиль йўлларининг умумий ҳолатини яхшилаш орқали ҳудудларда ижтимоий ва иқтисодий йўналишларни ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

Инвестициялар жалб қилиш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди ҳамда бу борада қатор таклифлар билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА