Қозоғистон Фан ва олий таълим вазирлиги ҳузуридаги А.Х.Марғулон номли археология институти илмий ходимлари эрамизнинг биринчи минг йиллиги бошида Шарқий Евросиё даштида яшаган кўчманчи халқ – сянбейларга тегишлилиги тахмин қилинаётган 13 та қадимий қабр топишди. Бу ҳақда “Archaeology News” онлайн журнали маълум қилди.
“Қозоғистон тарихида Хун-Сарматлар даври: фанлар аро тадқиқот, таҳлил ва қайта қуриш” номли йирик лойиҳа доирасидаги қазишма ишлари Катон-Қорағай туманидаги “Аршати” қишлоғидан тахминан 11 километр жойда, “Таутекели” ҳудудида олиб борилди.
Лойиҳа раҳбари – етакчи илмий ходим Азат Айтқали.
Қадимги кўчманчи қабила – Сянбейлар ҳозирги Мўғулистон ва шимоли-шарқий Хитойда яшашган. “Кейинги Ханлар китоби” тарихий манбасида бу улус “Шарқий варварлар” номи билан машҳур Донгхунинг парчаланган гуруҳи сифатида таърифланади. Улар кўпинча Вухуан ва Хионгну каби бошқа кўчманчи гуруҳлар билан иттифоқ тузиб, Хан сулоласи ҳудудига бостириб кирган. Жамоат асоан чорвачилик, қисман деҳқончилик билан шуғулланган.
Эътиборга молик жиҳати, Сянбейлар биринчилардан бўлиб хонлик тузумини ўрнатиб, ўз даврида ижтимоий-сиёсий тузилмаларга сезиларли таъсир кўрсатган. Натижада саводхонлик, санъат ва маданият ривожланган.
Ҳар бирининг чуқурлиги тахминан бир метр келадиган қабрларга тош тўсиқ қўйилган. Хулосада изланувчилар ёши катталар ва болалар даҳмаси алоҳида-алоҳида қазилганига эътибор қаратишди.
Қизиқ томони, одамлар дафн этилган жой яқинидан от суяги ҳам чиққан. Бу Сянбей маросимларида отларга жиддий аҳамият берилганини кўрсатади.
Артефактлар орасида керамика парчаси, қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар, масалан сянбейлар дафн маросими ва моддий маданияти ҳақида маълумот берувчи маржонлар мавжуд.
Ёзма маълумотга кўра, Сянбейлар Хун империяси парчалангандан кейин Ўрта Осиёда этник-маданий жараён шаклланиши ва ривожланишида ҳал қилувчи ўрин эгаллаган кўчманчи қабиладир. Улар минтақадаги кўчманчи жамоалар маданий ва сиёсий тараққиётига турли жиҳатдан, масалан янги давлат тузилмаси шаклланиши, ҳарбий анъаналар, ижтимоий-иқтисодий тузилмалар ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатган.
Ўткир Алимов, ЎзА