Бугун Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Маълумки, шу йилнинг 16 август куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик ҳамда Ўзбекистон Экологик партияларидан, 17 август куни эса Ўзбекистон Халқ демократик  ва Ўзбекистон «Адолат» социал демократик партияларидан сайловда иштирок этишга ижозат бериш тўғрисидаги аризалар «E-saylov» ахборот тизими орқали Марказий сайлов комиссиясига келиб тушди. Сиёсий партияларнинг аризалари тақдим этилган куннинг ўзида уларнинг ваколатли вакиллари ўз партияларининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоси қўйилган имзо варақаларини ҳам Марказий сайлов комиссиясига топширди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан имзо варақаларини текшириш бўйича жами 33 нафардан иборат экспертлар гуруҳлари тузилди. Мазкур экспертлар гуруҳлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази малакали мутахассислари, ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази ва қуйи тизимлари экспертлари, Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилари ва фуқаролик жамияти институти вакилларидан иборат бўлиб, улар тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини сайлов қонунчилигига мувофиқ текшириб чиқди.

Текширув натижаларига кўра, ҳар бир сиёсий партия 40 мингдан ортиқ ҳақиқий имзо тўплашга муваффақ бўлганлиги аниқланди. Шундан келиб чиқиб, сиёсий партиялар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Сайлов кодексининг 69-моддасига мувофиқ, сиёсий партиялардан ҳужжатларнинг келиб тушиши навбатига асосан биринчи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига, иккинчи, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясига, учинчи, Ўзбекистон Экологик партиясига, тўртинчи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясига, бешинчи, Ўзбекистон «Адолат» социал демократик партиясига ижозат берилди.

Маълумки, Сайлов кодексининг 31-моддасига асосан Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича сайловида сайлов бюллетенига унда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг номи, рамзий белгиси уларнинг сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатига мувофиқ кетма-кетликда киритилади.

Шунингдек, видеоконференсалоқа шаклида ўтган йиғилишда бир қатор ҳудудий сайлов комиссияларининг сайловга тайёргарлик кўриш бўйича олиб бораётган ишлари хусусидаги ахборотлари тингланди.

Муҳтарама Комилова, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА