Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда дастлаб “Донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасида “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга улар учун қулай бўлган вақтда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналиши ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш, санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқини бери масалалари кўзда тутилмоқда.

Фракция аъзолари лойиҳа ҳақида фикр билдирар экан, унинг қабул қилиниши тиббиёт соҳасида қон захиралари ва беғараз донорлар сонининг ортишига, бу ўз навбатида, соҳа ривожига хизмат қилишини қайд этди.

Шунингдек, йиғилишда фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, бўшаб қолган ўринларга сайланган фуқаролар йиғинлари раислари фаолиятларининг кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Бир гуруҳ депутатлар томонидан ишлаб чиқилган ушбу лойиҳа билан фуқаролар йиғини раисининг ваколатлари муддатини уч йилдан беш йилга ўзгартириш, шунингдек, фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда бўшаб қолган ўринларга сайлов ўтказиш орқали сайланган янги фуқаролар йиғини раисининг ҳам ваколат муддатини беш йил этиб белгилаш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси бўйича фракция аъзолари бир қатор таклиф ва тавсиялар билдириб, уни маъқуллади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА