Янги фармон
Мамлакатимизда чарм ишлаб чиқариш ва ундан маҳсулотлар тайёрлаш имкониятлари кенгаймоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрда имзоланган “Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони чарм саноатини ривожлантиришда қандай аҳамият касб этади? Шу ҳақда “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Акбар Султоновнинг фикрларига қизиқдик.
– Чарм саноати Ўзбекистонда ишлаб чиқаришнинг муҳим тармоқларидан биридир. Бу нафақат ички бозорнинг эҳтиёжларини, балки ташқи бозордаги талабларни ҳам таъминлашга қодир, – дея фикрини бошлайди Акбар Султонов. – Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон мамлакатимиз чарм саноатини ривожлантириш учун муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлди. Ушбу фармон билан тадбиркорлар учун янги имкониятлар, имтиёзлар ва иқтисодий шароитлар тақдим этилади.
– Даромад солиғининг 1 фоизига камайтирилиши тармоқдаги корхоналарга қандай имкониятларни яратади?
– Дарҳақиқат, фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати йўналишларида ишлаб чиқариш фаолиятини юритаётган ҳамда тегишли шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи ва ўзларининг ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди. Бу Ўзбекистонда чарм саноатини ривожлантириш учун катта имкониятдир. Чарм саноатининг фойда солиғи ставкаси 1 фоизга камайтирилиши, тадбиркорлар учун айни вақтда иқтисодий оғирликларни енгишда катта ёрдам беради. Камайган солиқ юки янги инвестициялар киритиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва сифатни ошириш учун манбалар тақдим этади.
Иккинчидан, ишлаб чиқаришни модернизациялаш имконини беради, чарм саноатининг технологик янгиланишини ҳам рағбатлантиради. Тадбиркорлар солиқлардан олинган фойда билан замонавий технологияларни жорий қилиш, янги автоматлаштирилган линияларни ўрнатиш, ишлаб чиқариш жараёнларини самарали ташкил қилишга қодир бўлади. Навбатдаги имконият эса иш ўринлари яратиш ва кадрлар тайёрлаш масаласи билан боғлиқдир. Камайтирилган солиқлар ёрдамида чарм саноатининг ишлаб чиқариш ҳажми ошади, бу эса янги иш ўринлари яратиш, шунингдек, юқори малакали кадрларни тайёрлашга катта имконият беради.
Ҳукумат янги тадбирлар орқали малакали кадрларни тайёрлашга йўналтирилган дастурлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Энг муҳими, экспорт салоҳиятини оширишда янгича ёндашувлар ўртага чиқади. Техник жиҳатдан замонавийлаштирилган ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкони ташқи бозорлардаги талабни қондириш учун муҳимдир. Солиқ камайиши ва технологик янгиланишлар билан чарм маҳсулотларининг экспорт салоҳияти ошади. Мамлакатнинг хорижий савдоси кенгаяди, бу эса миллий иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлайди. Шуни ҳам унутмаслик керак, ушбу имтиёзлардан фақтгина тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар фойдалана олиши мумкин. Имтиёздан фойдаланмоқчи бўлган корхоналарда жами ходимлар сонининг камида 15 фоизи Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестрига киритилган бўлиши, ходимнинг иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаслиги ва реализация қилинган маҳсулотлардан тушган умумий тушум умумий даромаднинг 90 фоизини ташкил этиши керак.
– Демак, ушбу фармон билан солиқ ставкаларининг камайтирилиши ва бошқа имтиёзлар миллий иқтисодиётга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди…
– Албатта, чарм саноатини қўллаб-қувватлаш учун солиқ ставкаларининг пасайиши нафақат тармоқнинг ўзига, балки бутун иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади. Бунинг асосий таъсири қуйидаги йўналишларда кўринади:
аввало, солиқ имтиёзлари, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини арзон ва сифатли ишлаб чиқариш имконини беради. Бу ички ва ташқи бозорда рақобатни кучайтириб, истиқболдаги бозорларга киришни осонлаштиради;
камайган солиқ ставкаларини татбиқ этиш орқали ишлаб чиқаришнинг ўзига хос даражаси ошади. Чарм саноати учун янги технологиялар, инновациялар ва самарадорликни оширишга ёрдам берадиган кўплаб хўжалик субъектлари ташкил этилади.
Шунингдек, камайган солиқлар давлат ва хусусий сектор ўртасида тенг рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади. Бу ерда муаммоларни ҳал қилиш ва янги технологияларни татбиқ этиш учун имкониятлар вужудга келади.
Чарм саноатининг ривожи иқтисодий ҳолатни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Тасаввур қилинг, масалан, бугун мамлакатимиздаги чарм саноати корхоналарида ушбу фармон қабул қилингунга қадар тармоқда 1000 нафар оилалар аъзолари фаолият юритиб келган. Шу йилдан бошлаб эса бу кўрсаткич карраларга ортади. Боиси, корхоналарда иқтисодий манфаат кўриш даражаси юқори бўлади.
Мисол учун, битта корхона бир ойда 1 миллиард сўм даромад кўрса, у ҳар ойда камида 150 миллион сўм солиқ тўлайди. Энди фармон билан белгилаб берилган барча талабларни бажариб, юқорида санаб ўтилган реестрдаги оилаларни ишга олиш орқали 150 миллион сўм эмас, 10 миллион сўм тўлайди. Қолган маблағни эса ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, хомашё харидига сарфлайди. Энди давлатнинг фойдаси айнан ушбу реестрдаги оилаларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлайди. Камбағалликдан чиқариш даражаси юқорилайди. Бу ҳам давлатга, ҳам хусусий секторга катта фойда келтиради.
Умуман олганда, мазкур фармон чарм саноатида янги имкониятлар ва ижобий ўзгаришлар олиб келади. Солиқ ставкаларининг пасайиши, инновацион янгиланиш ва технологик ривожланишга қаратилган чоралар мамлакатимиз чарм саноатини янги босқичга кўтаради. Бу иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, самарадорликни ошириш ва юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга катта ҳисса қўшади.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА мухбири