Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Муомалага чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги транспорт воситалари ва машиналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Муомалага чиқарилаётган қишлоқ ва ўрмон хўжалиги транспорт воситалари ва машиналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент тасдиқланди.
Унда: Техник регламентнинг мақсади ва қўлланиш соҳаси;
муомалага чиқарилаётган қишлоқ ва ўрмон хўжалиги транспорт воситалари ва машиналарига қўйиладиган хавфсизлик талаблари;
техника воситаларини идентификация қилиш қоидалари, техника воситаларининг Техник регламент талабларига мувофиқлигини баҳолаш ва тасдиқлаш;
техника воситаларини муомалага чиқариш қоидалари ҳамда мувофиқлик белгиси билан тамғалаш;
Техник регламент талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ўрнатиш тартиблари белгиланган.
Мазкур Техник регламент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқароларнинг ҳаётини ёки соғлигини муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраш, харидорларни (истеъмолчиларни) чалғитадиган ҳаракатларнинг олдини олиш, савдодаги техник тусиқларни бартараф этиш, ички ва ташқи бозорда техника воситасининг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида муомалага чиқарилаётган қишлоқ ва ўрмон хўжалиги транспорт воситалари ва машиналарига қўйиладиган хавфсизлик талабларини белгилайди.
Регламент умумий талаблар, шу жумладан, бошқа техник регламентлар билан тартибга солинадиган техника воситаларини ишлаб чиқариш, сотиш ва йўқ қилиш жараёнларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қарор билан Муомалага чиқарилаётган қишлоқ ва ўрмон хўжалиги транспорт воситалари ва машиналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни жорий этиш схемаси ҳам тасдиқланди.
Муомалага чиқарилаётган қишлоқ ва ўрмон хўжалиги транспорт воситалари ва машиналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент расмий эълон қилинган кундан эътиборан саккиз ой ўтгач амалга киритилади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги техникалари конструкциясининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида” 2016 йил 18 мартдаги 80-сон қарори Муомалага чиқарилаётган қишлоқ ва ўрмон хўжалиги транспорт воситалари ва машиналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент амалга киритилган кундан эътиборан ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.
ЎзА