Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда БААнинг JETEX компанияси таъсисчиси Адел Мардини ўртасида учрашув ўтказилди. Унда Транспорт вазирлиги ва JETEX компанияси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Айтиш жоизки, JETEX компанияси 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, 5 қитъада 30 та бизнес бирлашмасига эга глобал тармоқ ҳисобланади. Бутун дунё бўйлаб 50 дан ортиқ нуқталарда, жумладан Яқин Шарқ, Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси, Африка ва Америкада куну тун мижозларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.
Ушбу меморандум мамлакатимиз фуқаро авиацияси соҳасида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун замин яратади. Хусусан, JETEX компанияси «Тошкент-Шарқий» аэропортида FBO шаклида давлат хусусий шерикчилиги асосида VIP ва CIP мижозларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича инвестицион лойиҳани амалга оширади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, FBO (Fixed Base Operator) – аэропортларда ҳаво кемаларига ёқилғи қуйиш, тўхташ жойи, ангарда сақлаш, техник, таъмирлаш хизматларини кўрсатиш, ҳаво кемаларини ижарага бериш, чартерларни сотиш, такси ва яна бошқа кўплаб хизмат турларини кўрсатувчи ташкилот.
Лойиҳа доирасида кичик авиация соҳасида таъмирлаш, сотиш ва сақлаш хизматларининг йўлга қўйилиши, аэротакси хизмати ва VIP такси жорий этилиши, навбатида туризм соҳасининг ривожига ижобий таъсир кўрсатади ва VIP мижозлар учун қулайлик яратади.
Шу билан бирга, бизнес авиация соҳасида 200 дан кўпроқ юқори малакали иш ўринлари пайдо бўлади.
Бир сўз билан айтганда, JETEX компаниясининг илғор тажрибасига таянган ҳолда мамлакатимизда бизнес авиациясини ишончли ва барқарор ривожланишини таъминлашга эришилди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА