“Ўзэнергоинспекция” томонидан ушбу соҳада қатор қоидабузарликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Яқинда Наманган вилояти Чуст туманида “Ч.Ш.” МЧЖ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш биносида электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолати аниқланди. Бу орқали жами 2,1 миллиард сўмлик электр энергияси ноқонуний равишда фойдаланилган.

Шунингдек, Андижон шаҳридаги “Б.Б.” номли таълим муассасасида ҳам электр тармоғига шартномасиз уланиш қайд этилган бўлиб, натижада 892,2 миллион сўмлик энергия ноқонуний истеъмол қилинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддасига мувофиқ жиноят ишлари қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Инспекция ахборот хизматининг хабарига кўра,  Жиззах вилоятидаги энергетика объектларида хавфсизлик қоидаларига риоя этмаган ҳолатлар ҳам учради. Хусусан, Бахмал туманида 35/10 кВ “Турон” подстанциясидан чиқувчи ҳаво тармоғида таъмирлаш ишларини олиб борган бригада хавфсизлик талабларига амал қилмаган. Бу қўпол қоидабузарлик учун бригада ишдан четлатилди. Хавфсизлик чора-тадбирларининг тўлиқ бажарилиши назоратга олинди.

Қашқадарё вилоятида қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида профилактика тадбирлари амалга оширилмоқда. Қарши шаҳридаги “Иссиқлик манбаи”га қарашли кўп қаватли уйларни иссиқлик билан таъминлаш учун ўрнатилган газ ускуналари текширилди. Ушбу ускуналарда техник носозликлар аниқланиб, уларни зудлик билан бартараф этиш бўйича таъминот корхонасига кўрсатмалар берилди.

Эътиборлиси, мазкур назорат тадбирлари ҳудудларда энергия ресурсларидан фойдаланишда қонунбузарликларни бартараф этиш ва хавфсизликни таъминлашда амалий аҳамият касб этмоқда.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА