Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси маркази Нукус шаҳри бўйлаб “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия жанговар бўлинмаларининг пиёда юриши бўлиб ўтди.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган куй садолари остида бўлиб ўтган Ватан қалқонларининг кўргазмали юриши 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни умумхалқ байрами, айём шукуҳини барчага улашиш ҳамда юрт ҳимоячилари тимсолини улуғлашга хизмат қилди.
Шаҳар марказий кўчалари бўйлаб қарийб 5 километр масофани ҳарбийча жанговар куй ва қўшиқлар жўрлигида босиб ўтган юрт ўғлонларининг шахдам қадамларига, қатъияти ва ўзига ярашган ҳарбий уст-бош кийимига ҳавас ва орзу билан боқиб турган ёшлар, ишончли қалқонимиз борлигидан ғурурланган ўрта ёшдаги ватандошлар, мусаффо осмонимиз остида юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикка шукрона келтираётган ёши улуғ инсонларнинг нигоҳларида ҳаяжон, қалбларида ажиб бир туйғу аланга олди.
Намойишкорона пиёда юришга Нукус шаҳрида жойлашган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг 55 метр баландликда ўрнатилган қўш-байроқлари остидаги майдонда якун ясалиб, тадбирнинг концерт қисмига навбат берилди. Қорақалпоғистон Республикаси маданият ва санъат намояндалари ҳамда ҳарбий оркестр томонидан куйланган куй ва қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият бағишлаган бўлса, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ фахрий қоровул взводининг муддатли ҳарбий хизматчилари томонидан намойиш этилган саф ва қўл жанги билан кўргазмали чиқишлари байрамга ўзгача тароват бағишлади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА