Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти девонининг иқлим ўзгариши бўйича катта маслаҳатчиси Уоррен Эванс ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот жараёнида “Музликлардан фермер хўжаликларигача” (G2F) минтақавий лойиҳаси масалалари ҳамда мазкур лойиҳани БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (COP-29) иштирокчиларининг 29-конференциясида юқори даражада тақдим этиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, Яшил иқлим жамғармаси томонидан ажратилган умумий бюджети 1,5 миллион АҚШ доллари бўлган минтақавий G2F лойиҳасини тайёрлаш дастури аввал тасдиқланган бўлиб, ушбу дастур доирасида Фарғона водийсидаги Норин дарёси учун батафсил тадқиқотлар ва иқлим хавфини баҳолаш амалга оширилади.
–ОТБнинг қўллаб-қувватлаши ва ҳамкорлиги, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш Марказий Осиё нуфузини ошириш ва минтақа манфаати йўлида иқлим ўзгариши ва хавфсизлик муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди А.Абдуҳакимов. – Табиат чегара билмайди. Бешта давлат – бир овоз, бир кун тартиби. Аслида, биз ҳаммамиз иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини, жумладан, иқлим миграцияси, сув танқислиги, кам ҳосил ва паст даромад каби муаммоларни бошдан кечирмоқдамиз. Бизнинг биргаликдаги ҳаракатларимиз, лойиҳа ва дастурларимиз ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ОТБ G2F лойиҳаси туризм ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ривожлантириш салоҳиятига эга баланд тоғли қишлоқларни барқарор ривожлантиришга йўналтирилади. ОТБ томон иқлим миграцияси хавфли ҳодисалар билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидлади ва ҳозирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда мамлакат бўйлаб 9 минг 500 дан ортиқ маҳаллага таъсир кўрсатадиган лойиҳа кўриб чиқилмоқда.
Учрашувда ОТБ масъуллари мамлакатда иқлим ўзгариши бўйича амалга оширилаётган жорий ислоҳотларни юқори баҳолади.
Шунингдек, ОТБ иқлим ўзгариши бўйича курс ишлаб чиқиш ва “Green University”да ташкил этилган иқлим резиденциясига экспертларни жалб қилиш доирасида тажриба алмашишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА