Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокамаси кун тартибига қўйилган.
Мажлис аввалида Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов айни кунларда мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётганига тўхталди.
Ушбу датуриламал ҳужжатни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва ташаббуслар билдирилаётгани, жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, фракция ва қўмиталар вакиллари ҳам давлат дастури лойиҳаси муҳокамаларида иштирок этаётганини таъкидлади.
— Давлат дастури лойиҳаси сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида ҳам кўриб чиқилиб, улар ўзларининг таклифларини ишлаб чиқмоқда. 22 январга қадар жамоатчилик муҳокамаси давом этади. Шу пайтгача палатамизда давлат дастурларининг ижроси ҳар чоракда эшитилган. Энди янги Конституциямиз талабларидан келиб чиқиб, йилда икки маротаба давлат дастури ижроси бўйича ҳукумат ҳисоботини эшитамиз. Парламент шу асосда дастур ижросини таъминлашда иштирок этиб боради, — деди Спикер.
Мажлисда сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари ҳам сўз олиб, 2025 йилги давлат дастурида кўзда тутилган мақсадлар, унинг мазмуни ва аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси етакчиси, фракция раҳбари Абдушукур Ҳамзаев 2025 йил экологияга бағишланган йил бўлгани ва давлат дастурида 100 та мақсад, 300 дан ортиқ чора-тадбирларнинг акс этгани, улар орасида Экопартия томонидан таклиф этилган мақсадлар ўрин олгани қувонарли эканини қайд этди:
— Айниқса, ёмғир сувларидан фойдаланиш бўйича таклифларимиз, атмосфера ҳавосини бузувчи, турли ҳид ва заҳарли моддаларни чиқарувчи корхоналарни қуришга рухсат бермаслик, яшил транспортда ҳаракатланишни рағбатлантириш, пластик маҳсулотларни камайтириш, Орол муаммоси бўйича ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ таклифларимиз инобатга олинганини алоҳида эътироф этиш лозим. Бу партия вакилларини қувонтириш билан бирга, елкамизга катта масъулият ҳам юклайди.
Давлат дастурини такомиллаштириш, таклифлар бериш борасида ҳудудий кенгашларимиз, депутатларимиз билан муҳокамалар ўтказилмоқда. Давлат дастурининг жойлардаги ижроси юзасидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини олиб боришга алоҳида эътибор қаратамиз, — деди Экопартия етакчиси.
Шунингдек, мажлисда қолган тўртта партия фракцияси раҳбарлари ҳам сўз олиб, давлат дастури лойиҳасига партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ўз муносабатини билдирди. Партиялар томонидан берилган таклифлар лойиҳада экс этганини эътироф этдилар. Дастур лойиҳасини янада такомиллаштириш ва келгусида ижросини таъминлашда фаол иштирок этишларини таъкидлади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА