Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти Адлия вазирлигига ташриф буюрди.

Учрашувда адлия ва ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳамда амалга оширилиши режалаштирилаётган янги ташаббуслар муҳокама қилинди.

Адлия вазири A.Тошқулов махсус ҳуқуқий режим асосида фаолият юритувчи Рақамли технологиялар халқаро маркази (“Еnterprise Uzbekistan”) ва унинг ҳузурида Халқаро тижорат судини ташкил этиш, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) битимларига мувофиқлаштириш ҳамда сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг позицияларини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

С.Чакрабарти Рақамли технологиялар халқаро маркази ва унинг ҳузурида ташкил этилаётган суд халқаро стандартларига мос келиши кераклигини таъкидлаб, бу борада олиб  борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Мазкур соҳа ҳамда xaлқаро рейтинг ва индекслар бўйича халқаро экспертларни жалб қилишда амалий ёрдам кўрсатишини таъкидлади.

Шунингдек, С.Чакрабарти ЖСТга аъзолик масаласи мураккаблигини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикасида амалга  оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида бу мамлакат яқин орада ЖСТга аъзо бўлишига ишонч билдирди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон Республикаси адлия ва ҳуқуқ тизимида халқаро ва миллий ислоҳотларда яқин ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдири.

Н.Абдураимова,  

ЎзА