Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, хавфсизлик ва тинчликсевар давлат тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасидан ўрин олган.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди.
Муҳокама жараёнида давлат дастури лойиҳасидаги бир қатор мақсадларга эришиш бўйича тегишли таклифлар ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Янги таҳрирдаги Ер кодексини ишлаб чиқиш, тоғ ва тоғ олди ҳудудлардаги ўрмонларни асраш ва уларнинг майдонини янада кенгайтириш шулар жумласидандир. Шунингдек, парламент назорати натижаларининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш каби таклифлар ўртага ташланди.
Тадбиркорлар ўртасида юзага келаётган (иқтисодий) низолар ўз вақтида ва адолатли ҳал этилишини таъминлаш мақсадида низоларни судгача ҳал этишнинг муқобил усули бўлган медиация институтини янада такомиллаштириш ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш масаласи алоҳида қайд этилди.
Бунда, низолашаётган тарафлар томонидан тузилган медиатив келишувни мажбурий ижро қилиш механизмини жорий қилиш ҳамда профессионал медиаторлар учун олий маълумотга эга бўлиш талабини қўйиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Билдирилган таклифлар ва фикр-мулоҳазалар қўллаб-қувватланиб, ўрнатилган тартибда давлат дастурига киритилиши учун тақдим этилиши маълум қилинди.
Тадбирда давлат дастури лойиҳаси бўйича жамоатчилик, шу жумладан, соҳа мутахассислари ўз фикр ва мулоҳазалари орқали фаол иштирок этиши зарурлиги қайд этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА