Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи UNA-OIC хабар беришича, 12 август куни Миср Араб Республикасида Аёллар тараққиёти ташкилоти “Фаластин аёллари ва қизлари: муаммолар ва чидамлилик” номли виртуал симпозиум ўтказади. Анжуманда фаластинлик аёллар ва қизлар дуч келадиган кундалик қийинчиликка ойдинлик киритиш, уларнинг чидамлилигини тарғиб қилиш ва яхши келажак қуриш ташаббусларини муҳокама қилиш кўзда тутилган.
Фаластин уруш натижасида жиддий муаммоларга дуч келган. Бу галги форум қатнашчилари ушбу можаронинг аёллар ва қизлар ҳаётига таъсири, мавжуд масалаларга ечим топиш, уларга зарур ёрдам кўрсатиш юзасидан фикр алмашадилар.
Сессияларда юқори мартабали расмийлар гуруҳи, жумладан БМТ Аёллар тузилмаси ҳузуридаги Араб давлатлари бўйича идора, Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишлаш агентлиги (UNRWA)нинг Қоҳирадаги ваколатхонаси раҳбари Саҳар Ал-Жубурий, Фаластин аёллар ишлари вазири Мона Ал-Халилий, Аёллар тараққиёти ташкилоти (АТТ – WDO) ижрочи директори доктор Афнан Аш-Шуайбий ва ИҲТ Фаластин ва Қуддус департаменти директори доктор Али Қуталий иштирок этади.
Тадбирда Фаластинлик аёллар ва қизлар ҳуқуқини илгари суришда ИҲТнинг роли, халқаро бирдамликни янада қўллаб-қувватлаш ва турли ҳаётий мавзулар ҳам таҳлил қилинади. АТТнинг айни мавзуга оид ҳисоботи тингланади.
Эслатиб ўтамиз, WDO ихтисослашган ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, ИҲТ таркибида очилган. 2010 йил Мисрда ташкил этилган ИҲТ доирасидаги юқори даражали маслаҳатлашувда ташкилот низоми қабул қилинган. 2020 йил халқаро миқёсда фаолият кўрсата бошлаган АТТ 2021 йил Қоҳирада бош қароргоҳини очди.
Айни пайт 19 аъзо давлатни бирлаштирган WDO ИҲТ гендер тенглиги сиёсатини илгари сурган ҳолда, тўрт томонлама мандат асосида меъёрий қўллаб-қувватлаш, сиёсат юритиш, тарғибот олиб бориш ва хабардорликни ошириш, мувофиқлаштириш ва амалиёт ўтказиш вазифаларини бажаради. Аёллар ва қизларни сиёсий, ижтимоий, таълим, маданий ва иқтисодий соҳаларда қўллаб-қувватлайди, интеграция жараёнига жалб қилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА