Мамлакатимизда олий таълим, фан ва инновация соҳаларга ривожланган давлатларнинг андозаларини жорий қилиш, олий маълумотли кадрларни тайёрлашда халқаро тажрибаларни қўллаш, маҳаллий олий ўқув юртларини билим сифати жиҳатидан халқаро рейтингларга муносиб даражага кўтариш бўйича Президентимиз томонидан кўпгина ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, ушбу мақсадларга эришишда тарихимиз илдизи бир, динимиз бир туркий давлатлар билан алоқани йўлга қўйиш, уларнинг олий таълим, илмий ва инновацион ривожланиш борасидаги тажрибалари қўл келмоқда. Татаристон ва Бошқирдистон Республикалари Россия Федерацияси саноат ва ишлаб чиқариш, замонавий технологияларни яратиш бўйича анча ривожланган ҳудудлардан ҳисобланади. Татаристон Республикаси Ўзбекистон учун муҳим соҳалар бўйича ишончли ҳамкор бўлиши билан бир қаторда, татар халқи ўзининг келиб чиқиш тарихи, тили, дини, маданияти ва санъати жиҳатдан ҳам ўзбек ва қорақалпоқ халқларига жуда яқин.

Бу тўғрисида Татаристон Республикасининг Раиси Рустам Минниханов ўзининг 2023 йил 6-7 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифидан кейин “Бир тилда гаплашганда иш олиб бориш осонроқ!” деган эди. Ҳақиқатан ҳам, Татаристон раҳбарининг Қорақалпоғистон заминига ташрифи қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлай олди. Ушбу ташрифнинг натижаси сифатида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев томонидан “Татаристон Республикаси Раиси Р.Миннихановнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифининг якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси” тасдиқланиб, маданият ва санъат, спорт, ахборот (IT), олий таълим, илм, туризм, иқтисодиёт, меҳнат алоқалари сингари бир нечта соҳалар бўйича аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.

Ушбу Режага асос 2024 йилнинг 30-апрель 4 май кунлари оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Ёшлар сиёсати, иқтисодий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Байрам Утемуратов бошчилигида тегишли вазирликлар ва олий таълим муассасалари раҳбарларидан иборат Қорақалпоғистон Республикаси делегацияси Қозон шаҳрида хизмат сафарида бўлди. Ташриф қардош татар халқи билан маданий ва маънавий суҳбатдан бошланди. Қозон давлат маданият институтининг ўқув-тарбия ишлари бўйича проректори Татьяна Леонтьева бошчилигида Қозон шаҳри яқинидаги “Улуғ Болгар” тарихий шаҳрига ташриф ташкил этилди.

Бу шаҳар тахминан эрамизнинг X асрида вужудга келган бўлиб, 2014 йилда ЮНЕСКОнинг жаҳон мерослари рўйхатига киритилган. Тарихда Буюк Ипак йўлининг муҳим савдо маркази бўлган “Улуғ Болгар” шаҳри 25 дан ортиқ маданий, тарихий ёдгорликлари, музейлари ва масжидлари ҳар йили 4 миллионга яқин сайёҳларни ўзига жалб қилар экан.

Ташрифнинг иккинчи кунида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалининг халқаро ҳамкори ҳисобланган Қозон давлат маданият институтида бўлдик. 1969 йилда асос солинган ушбу олий ўқув юрти нафақат Татаристон Республикасида, балки Россия Федерациясидаги энг илғор маданият ва санъат институтларидан биридир. Ҳозирги вақтда институтда 2100 нафардан ортиқ талаба-ёш маданият ва санъат таълими йўналиши бўйича таҳсил олади. Олий ўқув юртининг ўқув-тарбия ишлари бўйича проректори Т.Леонтьева бизни институтда талаба-ёшларга яратилган имкониятлар билан таништириш борасида, институт томонидан ҳозирги вақтда маданият ва санъатга инновацион технологияларни жорий қилишга асосий эътибор қаратилганини айтиб ўтди.

Икки томон ҳамкорлик йўналишлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни академик алмашиш дастурини йўлга қўйиш, илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, биргаликда илмий симпозиумлар, конференциялар ўтказиш, илмий ишларни ва методологик материалларни тақриз қилиш, талабаларни талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича илмий-тадқиқот ишларига жалб қилиш, маданият ва санъат соҳасининг муҳим масалаларини ўрганиш бўйича ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга келишиб олинди.

Делегациямиз Татаристонга ташрифи давомида жаҳоннинг “ТОП-500” лик рейтингида турадиган, олий таълим ва илмий тадқиқот маркази саналган – Қозон Федераль университети ректорати томонидан ҳам тантанали равишда қабул қилинди. Учрашувда Қозон Федераль университети проректори Т.Алишов Қорақалпоғистон Республикаси олий таълим муассасалари билан олий таълим, илм ва инновация соҳалари бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини изҳор қилди.

Қорақалпоғистон делегациясининг кейинги манзили Бошқирдистон Республикасининг Уфа шаҳри бўлиб, “Евроосиё НОТС” мажлислар залида Қорақалпоғистон ва Бошқирдистон Республикалари делегацияси иштирокида “Фан ва таълим соҳаларида Қорақалпоғистон ва Бошқирдистон Республикалари шериклиги истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Бошқирдистон Республикаси Қурултойи – Давлат йиғини қўмитасининг фан, таълим, маданият, ёшлар сиёсати ва спорт ишлари бўйича раиси Хажин Айбулат иштирок этди.

Давра суҳбатида Қорақалпоғистон ва Бошқирдистон Республикалари ўртасида таълим ва илмий тадқиқот, спорт, ёшлар сиёсати, маданият, ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари таҳлил қилинди ва икки Республика Олий ўқув юртлари ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича аниқ мақсад ва вазифалар келишиб олинди. Давра суҳбатидан сўнг, Уфа шаҳридаги нефть ва газни қайта ишлаш, спорт ва жисмоний тарбия олий таълим муассасаларига саёҳат ташкил қилинди.

Энг муҳими, қорақалпоқ халқининг буюк шоири И.Юсупов айтганидек, сафар давомида “Кўнгил кўнгилдан сув ичиб…”, тарихий дўстлик алоқалари янги замонга хос янгилангани сезилиб турди.

Аманжол Аяпов,  

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти  

Нукус филиали директори, филология фанлари номзоди.  

ЎзА.