Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари туфайли барча соҳаларда улкан ютуқ ва марралар қўлга киритилмоқда. Баъзан буни ўзимиз кўп ҳам сезавермаймиз, бизга оддий, шундай бўлиши керакдек туюлади. Аслида-чи? Бундай оламшумул ўзгаришларни хорижлик меҳмонлардан эшитиш қалбимизни ғурурга тўлдиради.
Жиззах вилоятидаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти, ижтимоий-маданий иншоотлар билан танишиш учун Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳридан келган бир гуруҳ тадбиркорлар мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишлари, тадбиркорларга яратилган имкониятлардан ҳайратда эканини алоҳида таъкидлади.
– Ўзбекистонда йигирма йил аввал бўлган эдим, – дейди тожикистонлик тадбиркор Саидбек Ҳайдаров. – Сабаби маълум, бир неча йил мамлакатларимиз ўртасида чегаралар ёпилгани боис борди-келди қилолмаганмиз. Шукрки, кейинги йилларда икки давлат Президентларининг оқилона ва узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати туфайли халқларимиз ўртасидаги борди-келди қайта тикланди. Тўғриси, Ўзбекистонда бунчалик катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўламан, деб ўйламаган эдим. Бир-бирларининг ютуқларини кўриш, ўрганиш ҳар икки халқ учун ҳам фойдали, албатта. Ташрифимиз давомида жиззахлик тадбиркорлар билан қурилиш соҳаси бўйича ҳамкорликни йўлга қўйдик. Келгусида бу ҳамкорликни янада кенгайтирамиз.
Меҳмонлар ташриф доирасида Жиззахнинг тарихий-маданий масканларида бўлди. Юнус Ражабий номидаги вилоят мусиқали драма театрида театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилди.

 

Тошқул Бекназаров, ЎзА