Пойтахтимизда “МДҲ фармацевтика соҳасини мувофиқлаштирувчи органлар билан минтақавий учрашув: Дори воситаларининг сифатини таъминлаш” ва “Замонавий сифат муаммоларини ҳал қилиш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.

Тадбир АҚШ Фармакопеяси (USP) ва Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази давлат муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Боситхонова кириш сўзи билан очиб, конференция нафақат мамлакатимиз, балки минтақа давлатлари учун ҳам муҳимлиги, тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги муаммолар ва илғор тажрибаларни таҳлил қилиш, ўрганиш учун жуда катта платформа эканлигини қайд этди.

Ушбу нуфузли анжуманга АҚШ,Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Тожикистон давлатларидан соҳа мутахассислари ташриф буюрган.

– USP АҚШ Фармакопеяси конвенцияси дори воситалари ва фармацевтика маҳсулотлари учун АҚШ ҳукумати стандартларини белгиловчи нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади, – дейди АҚШ Фармакопеяси вице президенти Венкат Сурендра. – Ушбу Фармакопея стандартлари жаҳоннинг 160 дан ортиқ давлатларида амал қилади. Жумладан, мамлакатингизда ҳам ушбу стандартлар йўлга қўйилган. Ҳозирда USP стандартларини Ўзбекистонга яна кўпроқ олиб келиш устида жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг сифатини ошириш орқали келгусида экспортбоп дори воситаларини ишлаб чиқиш учун замин яратилмоқда. Шунингдек, мамлакатингизга кириб келаётган дори воситаларининг сифатини назорат қилиш борасидаги энг илғор тажрибаларни оммалаштириш устида ишланмоқда. Бугунги тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу.

Конференция дастурида “Фармацевтика таъминоти занжирини мустаҳкамлаш”, “Минтақавий уйғунликни тарғиб қилиш” ва “Миллий назорат лабораторияси: хизматлар, муаммолар ва истиқболлар” каби кўплаб мавзулар тингланди.

– Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, дори воситаларининг сифатини назорат қилиш бўйича Марказий Осиё давлатларини ягона платформага бирлаштириб, бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва фикр алмашишдан иборат, – дейди Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази вакили Алишер Темиров. –  МДҲ давлатларидаги сифат  назорати мувофиқлаштириш талабларини ошириш орқали биз нафақат аҳолимизни сифатли, безарар, самарали дори воситалари билан таъминлаш, балки тартибларни мувофиқлаштириш орқали маҳаллий  ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга эришамиз.

Конференция МДҲ давлатлари соҳа мутахассислари ўртасида маълумот алмашинув оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга,бозорларда сифатсиз маҳсулотларнинг пайдо бўлишини олдини олиш борасида кенг ҳамкорлик ўрнатишга ёрдам беради.

Мазкур давлатлар ўртасида ягона электрон платформа ташкил этилади. Ушбу платформа орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар мазкур давлатларнинг фармацевтика соҳасида амалга ошираётган ишлари, янгиликлар ва норматив ҳужжатлар билан танишиб бориш имконияти яратилади.

Халқаро анжуман икки кунга мўлжалланган бўлиб, биринчи кун мувофиқлаштирувчи органларни ўзаро мулоқотига бағишланади. Иккинчи кунда эса МДҲ, Туркия, Озарбайжон давлатларидан келган меҳмонлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан мулоқот ўтказиб, тажрибалари билан ўртоқлашадилар.

Бугунги тадбирда Австралия дори воситасининг сифатини назорат қилиш органлари ходимлари ҳам “Zoom” орқали иштирок этиб, ўзларининг тажрибалари билан ўртоқлашди.

Қайд этилганидек, мамлакатимиз тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, бу каби йирик анжуманларнинг ташкил этилиши юртимизда дори воситалари сифат назоратининг халқаро талаблар даражасида бўлишини таъминлайди. Шунингдек, юртимизда ишлаб чиқариладиган маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг сифат бўйича дунё бозорида рақобатбардошлиги ҳамда экспорт ҳажмининг ошишига олиб келади.

Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА