Бухорода II Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали доирасида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 апрелдаги “Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан ўтказилмоқда.

– Халқаро тадбир халқ амалий санъатининг зардўзлик ва заргарлик анъаналарини ривожлантириш, уларнинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, ушбу йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш орқали халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган касбий анъаналар ва ҳунармандчилик мактабларини сақлаш ва қайта тиклаш ҳамда минтақанинг туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида ташкил этилган, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Жамшид Ураков. – Халқаро миқёсдаги анжуманнинг Бухоро шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки Бухоро қадим-қадимдан ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири бўлиб келган. Бу ерда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари, айниқса, зардўзлик ва заргарлик юксак даражада тараққий этган. Уста-шогирд анъаналари асосида ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам Бухоро шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил ривожланмоқда. Хусусан, ипак гиламчилик, кулолчилик, кандакорлик, зардўзлик, заргарлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, қоғозгарлик каби ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари равнақ топмоқда. 2022 йилда Бутунжаҳон Ҳунармандлар кенгаши томонидан Бухоро шаҳрига Бутунжаҳон ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилган.

Фестивалда Республикамизнинг барча ҳудудларидан 243 нафар ҳунарманд, шулардан 114 нафар заргар, 39 нафар зардўз, 90 нафар ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларида фаолият олиб бораётган ҳунармандлар иштирок этмоқда.

Шунингдек, фестивалга 42 та давлатдан 157 нафар хорижий иштирокчи қатнашяпти. Жумладан илмий-амалий конференцияда 9 та давлатдан 12 нафар, нуфузли меҳмонлар сифатида 36 нафар, хорижий оммавий ахборот воситалари сифатида 5 та давлатдан вакиллар иштирок этмоқда.

Тадбир доирасида “Анъанавий зардўзлик ва заргарлик, санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги илмий-амалий конференция ҳам ўтказилмоқда. Конференцияда 9 давлатдан 12 нафар хорижлик ва 12 нафар маҳаллий соҳа олими ҳамда 300 дан ортиқ профессор-ўқитувчи, магистрантлар, ҳунарманд иштирок этяпти. Илмий-амалий конференцияда австралиялик олим Линди Жоубертнинг “Жамиятни шакллантирувчи ҳунармандчилик: ҳунармандчиликни ўргатиш – жаҳон тажрибаси” китобининг тақдимоти ўтказилади.

Конференцияда 10 нафар хорижлик ва маҳаллий олимлар маърузалар билан қатнашади.

Фестиваль тадбирларини маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 100 дан ортиқ вакили, Покистон, Янги Зеландия, Ҳиндистон давлатларидан ташриф буюрган хорижий оммавий ахборот воситаларининг 4 нафар журналисти, шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ва Ўзбекистонда доимий фаолият юритаётган Хитой давлатининг ОАВ вакиллари ҳам кенг ёритиб боради.

Фестиваль доирасида бир қатор тадбирлар, фестиваль иштирокчиларининг тантанали юришлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси, “Анъанавий зардўзлик ва заргарлик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференция, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун фестивални ўтказиш ва якунлари бўйича матбуот анжуманлари, Маҳаллий ва хорижий дизайнер ва ҳунармандлар иштирокидаги “Бухоро мода кунлари” мода намойиши ва концерт дастури, халқ рақслари, қўғирчоқбозлик, фольклор жамоалари чиқиши, вилоят маданият бошқармалари томонидан тайёрланган концерт дастурлари, гастрономик танловлар, маҳаллий ва хорижий ҳунарманднинг маҳорат дарслари, Бухоро шаҳрида мавжуд машҳур зардўз ва заргарлар устахоналарига экскурсиялар ўтказилади.

Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали низомига асосан фестиваль доирасида маҳаллий ва хорижий  ҳунармандлар ўртасида кўрик-танлов ўтказилади. Кўрик-танлов иштирокчилари бўлган ҳунармандларнинг маҳоратларини етти кишидан иборат таркибда халқаро ҳайъат баҳолаб боради. Халқаро ҳайъат таркибига юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намоёндалари киритилган. Халқаро ҳайъат кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарсларини 12 та номинация – “Энг яхши заргарлик ташкилоти”, “Энг яхши зардўзлик ташкилоти”, “Энг яхши зардўз”, “Энг яхши заргар”, “Энг яхши зардўзлик мактаби устаси”, “Энг яхши заргарлик мактаби устаси”, “Зардўзлик бўйича қадимий сулола давомчиси”, “Заргарлик бўйича қадимий сулола давомчиси”, “Қадимий анъаналарни қайта тиклаган зардўз”, “Қадимий анъаналарни қайта тиклаган заргар”, “Энг ёш маҳоратли зардўз”, “Энг ёш маҳоратли заргар” каби номинациялар бўйича баҳолайди. Ғолиблар махсус диплом ва пул мукофоти билан тақдирланади.

Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали кўрик-танлов ғолиблари ва совриндорлари иштирокида “Арк” қўрғонида тантанали тақдирлаш маросими ва гала-концерт бўлиб ўтади.

Матбуот анжуманида Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Акбар Ҳакимов, Бутунжаҳон Ҳунармандлар Кенгашининг Осиё ва Тинч океани минтақаси президенти Азиз Муртазаев, Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсуновлар қатнашди ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),

ЎзА мухбирлари