Ижтимоий тармоқларда Оролбўйидан динозавр излари ва динозавр боласининг суяклари топилгани ҳақида хабар тарқалди.
Ушбу хабарга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимига қарашли Қорақалпоқ табиий фанлар илмий тадқиқот институтининг геология лабораторияси мудири Иззет Аимбетов билан суҳбатлашдик.
– Динозаврларга тегишли ноёб суяк ҳамда изларни топиш тадқиқоти қачондан, ким томонидан бошланди?
– Ўтган йилнинг сентябрь ойида қорақалпоғистонлик олимлар билан ҳамкорлик қилиш истагида Словакиядан бир нечта палеонтолог олимлар келишди. Улар Оролбўйидаги кўплаб ҳудудларда тадқиқот олиб бориб, ноёб топилмаларни топишди.
Улар орасида сувда яшайдиган динозаврнинг кичикроқ турининг суяги ҳам бор. Олимлар юртларига қайтиб кетишди ва жорий йилнинг апрель ойи бошида яна Қорақалпоғистонга келиб, тадқиқот ишларини давом эттириб, Устюртда динозавр изини топишди.
– Ўша из шунча йиллар давомида қандай сақланиб қолгани бизга жуда қизиқ…
– Динозаврнинг излари ерга ботиб, вақт ўтгани сайин геологик жараён натижасида тошга айланиб қолади. Ҳозир олимлар ана ўша тош изларни чуқур ўрганишмоқда.
– Демак, динозаврлар эртакларда эмас, ҳаётда бўлгани рост эканда?
– Албатта, бу эртак эмас. Динозаврлар ҳаётда бўлган. Дала тадқиқот ишлари давомида топилган динозавр боласининг суяклари кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Палеонтологларнинг айтишича, бундай ноёб суяклар ҳозирча Америка Қўшма Штатлари, Руминия, Хитой ва Қорақалпоғистонда топилган. Ҳозир ушбу дала тадқиқотлари натижаси ҳақида дунёдаги нуфузли журналларга 3 та катта мақола тайёрланмоқда. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Олимлар яна кўплаб ноёб суяклар топишди. Бизда ноёб топилмаларни таҳлил қилиш имкони бўлмагани туфайли улар топилмаларни ўрганиш учун олиб кетишди.
Иккинчи экспедицияда иштирок этиш учун Франциядан олимлар келиб Қора-тоғ тоғлари, Устюрт, Нукус, Хўжайли, Тахиатош туманларида бўлиб кўплаб ноёб суякларни топишди. Ушбу суяклар Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида сақлаб турилибди.
– Қорақалпоғистонда шунча ноёб топилмалар бор экан, нима учун олимларимиз булардан аввалроқ хабар топишмаган?
– Биринчи сабаб, Қорақалпоғистонда палеонтолог олимлар йўқ. Умуман, Ўзбекистонда бундай мутахассисларга жуда катта эҳтиёж бор. Бу соҳа вакиллари кейинги йилларда камайиб кетди. Палеонтолог олим миллион йиллар олдин яшаган ҳайвонларни, палеонтология эса ернинг тарихини ўрганадиган фандир.
Иккита экспедиция жараёнида топилган суяклар 70 миллион йил олдин яшаган ҳайвонларнинг суяклари бўлиб, шу суяклар орқали олимлар ернинг тарихини ўрганади.
– Кейинги режалар қандай?
– Словакиялик олимлар билан меморандум имзоладик. Ушбу меморандумга Словакияда ёш палеонтолог олимларни тайёрлаш масаласи ҳам киритилган.
Сентябрь ойида ҳамкорларимиз бир ой муддатга Ўзбекистонга келади. Улар билан биргаликда экспозиция ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу экспозициялар туристларни жалб қилишга катта ёрдам беради. Одамлар динозавр суякларини кўришга қизиқиб келади.
Ҳозирдан шунга тайёргарлик ишларини бошлаб юбордик. Режамиз амалга ошса, Қорақалпоғистонда туризмнинг ривожланишига ҳисса қўшган бўламиз.
Нигора Раҳмонова, ЎзА