Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш механизмлари, унинг афзалликлари ҳамда самарасига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Сирдарё вилояти тиббий-санитария ёрдами муассасалари раҳбарлари, оилавий шифокорлар, амалиётчи ҳамширалар, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари онлайн иштирок этди.
Семинар-тренингда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси бўлим бошлиғи Муборак Садирова, ушбу жамғарманинг бош мутахассиси Руҳулло Маҳмудов давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий этилган янги тизимнинг Сирдарё вилоятидаги самараси ва унинг афзалликларига батафсил тўхталди.
Таъкидланганидек, давлат тиббий суғуртаси тизими аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш ҳамда тиббий хизматлар бозорида замонавий рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, тиббиёт соҳасида натижага асосланган молиялаштириш тизимига ўтилиб, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида (оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, туман марказий поликлиникалари) аҳоли жон бошига молиялаштириш ҳамда шифохоналарда “даволанган ҳолат” бўйича молиялаштириш орқали мақсадли ва адолатли равишда маблағ ажратилишига эришилади.
Мисол учун, поликлиникалар илгари ходимлар сони асосида, шифохоналар эса ўрин сонига қараб бюджетдан молиялаштирилган бўлса, энди шифохонада кўрсатилган тиббий хизматлар, даволаниб чиққан беморлар сони, бажарилган жарроҳлик амалиётлари сони ва мураккаблик даражасига қараб молиялаштириш тизимига ўтказилади.
Давлат тиббий суғуртаси бу – тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига киритилган тиббий хизматлар аҳолига кўрсатилиши учун уларни тиббиёт ташкилотларидан харид қилиш бўйича хуқуқий, иқтисодий ва ташкилий чора-тадбирлар жамламаси ҳисобланади. Оддий қилиб айтадиган бўлсак, » тиббий суғурта “ маълум бир маблағ эвазига сени сақлаймиз (даволаймиз), кафолатланган тиббий хизмат кўрсатамиз”, деган маънода тушунилади.
Юртимизда жорий этилаётган давлат тиббий суғуртаси тизимида аҳоли давлат тиббий суғуртаси учун бадал пули тўламайди, яъни чиқимдор бўлмайди. Аксинча, аҳоли саломатлиги давлат ҳисобидан суғурталанади. Бунда давлат тиббий ёрдам олиш қоидаларини белгилайди ва ҳар бир босқичда кафолатланган ҳажмдаги тиббий хизматнинг бепуллигини таъминлайди.
Умуман, дунёда тиббий суғуртанинг бир неча тури мавжуд. Улар мажбурий, ихтиёрий ва давлат тиббий суғуртаси ва бошқалар. Мажбурий тиббий суғурта – ишчи ва хизматчилар, ўз-ўзини банд қилган фуқаролар ҳамда иш берувчилар томонидан тўланадиган бадал тушумлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тизими. Ушбу тизим қатор мамлакатларда, шу жумладан, Қозоғистон ва Қирғизистонда жорий этилган. Ихтиёрий тиббий суғурта тизими республикада тарихан мавжуд бўлиб, жисмоний шахслар ўзини ва оила аъзоларини, юридик шахслар ўз ходимларининг соғлиғини суғурталаш имкониятига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юртимизда, хусусан, Сирдарё вилоятида 2021 йил 1 июлдан давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш бошланди. Давлат тиббий суғуртаси механизмларининг ушбу вилоятда жорий этиш тажрибасида оилавий шифокор, амалиётчи ва патронаж ҳамшира ҳамда доядан иборат тиббий бригадалар ташкил этилиб, қайта тайёрланди. Кундузги стационар хизматлар кенгайтирилди. Натижада 40 ва ундан катта ёшдаги 240 минг нафар аҳоли (92 фоиз) скринингдан ўтказилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартлари асосида жиҳозланган шифокор олди кўриги, соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи хоналари ҳамда профилактика мактаблари ташкил этилди. Поликлиникаларда оилавий шифокорнинг 30 фоиз иш юкламаси амалиётчи ҳамширага юклатилиши ҳисобига оилавий шифокорнинг кўрик вақти узайиши кузатилиб, ҳар бир бемор учун ажратилган 5-6 дақиқа ўрнига 10-15 дақиқага узайди ва навбатларга чек қўйилди. Ўтказилган мониторинг натижалари шифохоналарга беморларни асоссиз ётқизиш кўрсаткичи 45 фоиздан 20 фоизгача камайганлигини кўрсатди.
Барча тиббий-санитария ёрдами муассасалари компьютер техникаси билан таъминланиб, иш жараёни тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Вилоят аҳолисининг 94 фоизи электрон дастур орқали оилавий шифокорларга бириктирилди ҳамда уларнинг соғлиги тўғрисида электрон маълумотлар яратилди. Жорий йилнинг 5 февралида Президент иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда кафолатланган пакетга кирган дориларни электрон рецепт асосида бериш йўлга қўйилиши белгиланди.
Шунингдек, йиғилишда давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий йилда Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида, 2025 йилдан Самарқанд, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида, 2026 йилдан Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Хоразм ва Тошкент вилоятларида босқичма-босқич жорий этиш чораларини кўриш масалалари муҳокама қилинди.
–Тадбирда давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш механизмлари, унинг афзалликлари тўғрисида батафсил маъумотга эга бўлдик, – дейди Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Жамал Тарихов. – Бугунги кунда янги тизимга тайёргарлик, тиббий-санитария ёрдами муассасаларини рақамлаштириш, фуқароларларнинг электрон базасини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда.
Тиббиёт соҳасида суғурта тизимининг тўлиқ йўлга қўйилиши соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами улуши ўсишига, аҳолининг ижтимоий заиф тоифалари вакилларининг сифатли тиббий хизмат билан таъминланганлик даражасини оширишга, тиббий хизматлар бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга, аҳолининг тиббий ёрдам учун тўғридан-тўғри тўловлари даражасини камайтиришга хизмат қилади.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.