“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш бўйича бир қатор самарадорлик кўрсаткичларига эришиш белгилаб берилди.

Жумладан, 2030 йилгача, ҳосилдорлик кўрсаткичларини пахта бўйича ўртача 45-50 центнерга, ғалла бўйича 80-85 центнерга, маҳаллий сабзавот, полиз, картошка уруғлик таъминотини 50 фоизга, экспорт ҳажмини йилига 10 миллиард долларга етказиш ҳамда соҳага 15 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилиш, бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга етказиш каби муҳим кўрсаткичлар белгиланган.

Мазкур устувор вазифалар ва самарадорлик кўрсаткичларига эришишда аграр соҳани замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш ўта долзарб масала ҳисобланади.

Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган “Қишлоқ хўжалигида замонавий техникаларни қўллашнинг афзалликлари ва самарадорлиги” мавзусидаги семинарда шу ҳақда гап борди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда сенаторлар, тегишли вазирликлар ва идоралар мутасаддилари, экспертлар, фермерлар, олимлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, инновацион технологиялар, илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш, аграр соҳада замонавий техникаларни қўллаш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасига катта эътибор берилаётгир. Натижада соҳада бир қатор ютуқларга эришилди. Қишлоқ хўжалиги техниклари ишлаб чиқаришнинг янги механизми – кластер тизими йўлга қўйилиб, уларнинг фаолияти қўллаб-қувватланди ва уларда “амалиёт-илм-инновация” тизими уйғунлашди. Айни пайтда маҳаллийлаштириш даражаси қишлоқ хўжалиги машиналарида ўртача 60 фоиз, ғалла ўриш комбайнларида 30 фоиз, тракторларда 25 фоизга етказилган.

Соҳада лизинг тизимининг рақобат асосида фаолият юритишга имконият яратилди. Лизинг компанияларини маҳсулот етиштирувчиларга молиявий кўмак кўрсатувчи тизим сифатида фаолияти қўллаб-қувватланди. Бунда “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти трансформация қилинди. Энг асосийси, деҳқон ва фермерлар учун молиявий енгилликлар яратилди.

Шу билан бирга, семинарда аграр соҳани замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашдаги айрим муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги техникаларининг маънан эскиргани, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси қониқарсиз эканига эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни жорий қилишдаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш орқали илмий асосланган хулосаларга таянган ҳолда уни ривожлантириш истиқболларини белгилаш бўйича яхлит тизим яратиш юзасидан фикр алмашилди.

Соҳада илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқиш орқали қишлоқ хўжалиги машинасозлик корхоналарида маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарур.

Илғор халқаро тажрибалар асосида қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришни молиялаштиришнинг янги механизмларининг жорий этилиши тадбиркорларни барқарор даромад билан таъминлашга имкон беради.

 

Н.Абдураимова, ЎзА