Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, электрон сигареталардан фойдаланадиган ўсмирлар кейинчалик одатдаги сигареталарни икки баравар кўпроқ истеъмол қилишни бошлайдилар.

Юртимизда 2019 йилда ўтказилган тадқиқотларга кўра, 18-29 ёшдаги эркаклар орасида электрон сигареталарни чекиш даражаси 30-69 ёшдаги эркаклар орасидагидан икки марта кўп бўлган.

Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг маълумотларига кўра, электрон сигареталар вояга етмаганлар ёнидан барча топилган тамаки маҳсулотларининг ўртача 8 фоизини ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг таҳлилларига кўра, ЖССТнинг юқорида келтирилган факти электрон сигареталарга ўрганган ёш авлоднинг никотинга қарамлик касаллигига дучор бўлиш хавфи юқорилигидан далолат беради.

Бундан ташқари, ўсмирлик мия ривожланишида критик давр бўлиб, бу пайтда никотин уларнинг аввало, миясига зарарли таъсир кўрсатади. Натижада хотира ва билим олиш қобилиятининг пасайиши, кучли қарамлик ва таҳликали неврозларга олиб келади.

Электрон сигареталар таркибида никотин миқдори 0 мг/мл дан 66 мг/млгача ва ундан юқори бўлиши мумкин, бу эса одатий сигаретадагидан камида икки марта кўпроқ. Бундан ташқари, улардаги суюқликларда никотин миқдори турлича бўлиб, таркибида сув, пропиленгликоль, глицерин, ароматизаторлар ва бошқа бирикмалар мавжуд. Ушбу моддалар буғланиш жараёнида турли бирикмаларни ҳосил қилади ва уларнинг баъзилари ўта заҳарли ҳисобланади. Айниқса, ароматизаторлар электрон сигареталардаги моддаларнинг зарарлилик хусусиятини янада кучайтиради.

Улар инсоннинг иммун тизимига таъсир қилади. Энг ёмони, электрон сигареталарнинг саломатликка зарари ҳали охиригача ўрганилмаган ва кун сайин унинг заҳарли таъсири ҳақида янги маълумотлар аниқланмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, таркибида заҳарли – қўрғошин, кадмий, симоб, никель, руҳ ва бошқа моддалар борлиги сабабли фойдаланилган электрон сигареталарни умумий чиқиндиларга қўшиб бўлмайди. Уларнинг таркибий қисмида литий-ионли батарейка (аккумулятор) бўлиб, қурилма бир марта ишлатилгандан сўнг батарейка билан бирга ташлаб юборилади. Улар бошқа маиший чиқиндиларга аралашиб кетса, аста-секин қопламаси емирила бошлайди, хавфли элементлар тупроққа, кейин ер усти ва ер ости сувларига тушади.

Батарейкалар чиқинди ёқиладиган заводга бориб қолса, заҳарли бирикмалар атмосфера ҳавосини ифлослайди.

Электрон сигареталарни тартибга солиш бўйича жаҳон тажрибасига назар соладиган бўлсак, 34 та давлатда уларни сотиш тақиқланган.

87 давлатда электрон сигареталар айланмаси тартибга солинади, улар сарасига Ўзбекистон ҳам киради.

Франция, Бельгия, Буюк Британия, Ирландия, Германия каби Европа мамлакатлари экология учун қўшимча таҳдидлар туфайли электрон сигареталарни тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда.

Ҳозирда regulation.gov.uz сайтида юртимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, электрон сигареталар ҳамда тамакини қиздириш тизимларини, шу жумладан айрим турдаги тамаки маҳсулотларининг муомаласини тақиқлаш ва жавобгарлик белгилаш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Юртимизда электрон сигареталарнинг тарқалишини чеклаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Шундай экан, бу борада юқорида келтирилган фактлар ва хавфларни инобатга олган ҳолда келажак учун масъулиятни ҳис қилиб, таклиф бериш мақсадга мувофиқдир.

 

ЎзА