Ўзбекистон ва Италия давлатлари ҳамкорлиги кенг қамровда давом этмоқда. 2023 йилда июнь ойида Ўзбекистон Президенти Италияга расмий ташрифни амалга оширган бўлса, ноябрь ойида Италия Республикаси Президенти Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Учрашувларда икки томонлама стратегик шериклик ва устувор йўналишлардаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, таълим соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Тошкентдаги Турин политехника университети филиалининг фаолияти бу борадаги муваффақиятли шерикликка мисол экани қайд этилди.

Ўзбекистонда итальян тилини ўрганишга қизиқиш ўсиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди. Мактабларимизда итальян тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва мактабларимизда уни ўқитишни босқичма-босқич жорий қилиш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Бунинг амалий натижаси олий таълим тизимида мазкур тилни ўқитиш бўйича салмоқли ютуқларга эришилаётгани яққол тасдиқлайди.

Жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети хорижий тиллар кафедрасида инглиз, француз, испан, немис каби халқаро тиллар билан бир қаторда итальян тили бўйича етук ўқитувчилар фаолият юритмоқда.

Итальян тили ўқитувчиси Муборак Мадраҳимованинг айтишича, устозлар ўз билимларни талабларга ўргатиш билан чекланмасдан, тилнинг жозибасини ўша тилдаги санъат асарларини ўқитиш, уларни ёшларга ижро эттириш орқали ёшлар қалбига сингдирмоқда.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида итальян тили ўқитилаётганининг 20 йиллигига бағишланган байрам тадбири ҳақиқий фестиваль тусини олди.

Тадбир доирасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев Италиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Агостино Пинна, Италиядаги Перужия университети ректори Валерио Де Чезарис билан учрашув ўтказди.

Учрашувда томонлар икки давлат ўртасидаги кўп қиррали самарали ҳамкорлик мамлакатларимиз ривожи, халқларимиз дўстона алоқалари ривожига ҳисса қўшаётганини эътироф этди. Бунда Ўзбекистон ва Италия давлатлари раҳбарларининг саъй-ҳаракати, олий даражадаги учрашувларда эришган келишувлари муҳим ўрин тутмоқда.

Университет фаоллар залида бўлиб ўтган тадбирда эса итальян тилида жаранглаган шеърлар, қўшиқлар, опералар тадбир иштирокчиларида илиқ таассурот қолдирди.

Машҳур ёзувчи Уильям Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” асари асосида талабалар томонидан саҳналаштирилган театр томошаси қалбларга ҳайрат олиб кирди. Икки севишганнинг фожиали ўлимини саҳнада кўрсатиб берган ёш ижрочилар қисқа танаффусдан кейин асарга жузъий ўзгартириш киритиб, икки севишганни қайта ҳаётга қайтариб, уларнинг бахтли онларини намойиш қилиб берганларида нигоҳлар қувончдан порлаб кетди. Чунки буюк бир асардан катта таассуротлар олиш билан бирга, севишганларнинг фожиали ўлимидан кейин юракларларга сингиб қолган армонлар аригандай  бўлди.

Эътиборли жиҳати, мазкур тадбир иштирокчилар орасида  Италиядан ташриф буюрган меҳмонлар, Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари борлиги ва улар саҳна кўринишларига ҳайрату ҳавас билан қараши бўлди.

– Тадбир менда жуда катта таассурот қолдирди, бунчалик бўлишини, тўғриси, кутмаган эдим, – дейди Перужия университети ректори Валерио Де Чезарис. – Ўзбек ёшларининг итальян тилини мукаммал эгаллагани, машҳур итальян санъаткорларининг асарларини маромига етказиб ижро қилишганидан жуда ҳайратландик. Таълим соҳасида, айниқса, тил ўрганиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилганидан жуда мамнунмиз. Ўйлайманки, бундай ҳамкорлик доираси кенгайиб боради. Талабалар, ўқитувчилар алмашинуви, малакасини ошириш бўйича келишувларимиз бор. Буни янада кенгайтириш, бу борада амалий ёрдам кўрсатиш устида иш олиб бормоқдамиз. Бундай ҳамкорлик халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланиши, ҳамжиҳатлигига хизмат қилиши қувонарли.

Тадбир якунида унда фаол иштирок этган талабалар ва меҳмонларга фахрий ёрлиқлар топширилди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА