Яқин ўтмишдаги уй-жой сиёсати билан боғлиқ муаммолар деярли ҳар бир юртдошимизни ташвишга солган. Айниқса, “прописка” масаласи, шаҳарлар, вилоятлар марказидан, айниқса, Тошкент шаҳридан уй сотиб олиш кўпчиликни бездириб қўйгани аниқ.

Олдин одамларнинг уй-жой олиши учун 10-20 йиллаб умри кетган. Шу йиллар ичида ҳам уй ололмаганлар қанча? Давлатимиз раҳбари ана шундай минглаб одамларнинг дардини аритди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий ва мустаҳкам иродаси билан бошланган янги уй-жой сиёсати одамлар ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди, жамиятимизнинг янги қиёфасини шакллантирди.

Буни аниқ мисолларда кузатадиган бўлсак, 2017 йилдан буён 326 мингта янги уй-жой фойдаланишга топширилган. Бу даврда уй-жой билан таъминланганлик даражаси аҳоли жон бошига 18 фоизга ошди. Охирги уч йилда 210 минг оилага 33 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилди, эҳтиёжманд 73 минг оилага бошланғич бадал ва фоиз тўловлари учун 1,3 триллион сўм субсидия берилди.

Соҳага бозор тамойиллари жорий қилиниб, юзлаб хусусий буюртмачи компаниялар шаклланди. Сейсмик хавфсиз ва энергия тежамкор йиғма темир-бетонли кўп қаватли уйларни қуриш бўйича 11 та йирик кластер пайдо бўлди.

Ўтган йили мамлакатимиз бўйича 85 мингта хонадон қурилган бўлса, жорий йилги дастур доирасида 100 мингта уй-жой қуриш режалаштирилган. Энг муҳими, уларнинг реализацияси янада соддалашмоқда. Жорий йилнинг 12 мартида янги уй-жойлар ҳамда «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилиши бўйича ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари ушбу йўналишда аҳоли ва қурувчилар учун кўплаб ташаббусларни эълон қилди.

2024 йилги ипотека дастури қандай бўлади?

Йиғилишда давлатимиз раҳбари аҳоли ва қурувчиларни бирдек хурсанд қиладиган янги имкониятларни эълон қилди. Келинг, ушбу янгиликларни таҳлил қиламиз.

Қайд этилишича, эндиликда гаровга олинадиган уй-жойларни суғурталаш талаби бекор қилинади. Бу орқали одамларнинг камида 5 миллион сўмлик ҳаражати тежалади. Натижада ипотека кредити расмийлаштириш тезлашади.

– Давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, суғурта масаласи ҳам кредит олишда яна қўшимча тўловни келтириб чиқарар эди, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Элёр Комилов. – Эндиликда гаровга олинган уй суғурта қилинмайди. Бу аҳолининг харажатларини камайтиради. Шунингдек, уй-жой барпо этишда аҳолини ҳимоя қилиш тизими жорий этилади.

– 2023 йилда яхши ният билан уй-жой олгандик, — дейди тошкентлик Дилфуза Мамаражабова. — Хусусий компанияга бориб, пул тулаётганимизда қурилиш фирмаси вакиллари бизга қуруқ ерни кўрсатди. – Ернинг атрофи ўралган эди. Қурилиш фирмаси шу ўралган жойда чиройли замонавий уй-жойлар қурилишини каталогда кўрсатди. Биз шунга ишониб 3 хонали уйга 100 фоиз тўлов қилдик. Кейин билсак, бизга кўрсатилган ер қурилиш фирмасига тегишли эмас экан. У ерга ҳатто уй қурилиши мумкин эмас экан. Бизни алдашганини тушундик. Мен каби 1 минг 106 та оила алданиб қолган экан. Бу борада биз Президентга мурожаат қилдик. Мурожаатимиз қабул қилиниб, биз билан учрашди. Бизга уй-жой қуриб берилди. Шу ўринда айтиш жоиз, янги қурилаётган ёки қурилиши ҳали битмаган ёхуд қурилиши умуман бошланмаган уйлардан квартира сотиб олишда https://mc.uz/oz/activity/ulush-platform ҳаволаси орқали қурилаётган уйнинг рўйхатдан ўтганини текшириш лозим. Бу ҳавола орқали ҳамма учун очиқ бўлган мажмуа ва қурувчи ташкилот номи, манзили ҳамда бошқа маълумотларни олиши мумкин.

Эндиликда улушдорлик  асосида уй-жой барпо этишди аҳолини ҳимоя қилиш тизими кучайтирилиб, бу борада янги тизим жорий этилади.

2024 йил учун 17 та “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилади. Шу ўринда айтиш ўринли, “Янги Ўзбекистон” массивлари бугун шаҳар ичидаги кичик шаҳарчага айланмоқда. Шу кунгача ҳудудларда 38 та ана шундай шаҳарчалар бўй кўрсатган бўлса, жорий йилда улар қаторидан яна 17 та янги массивлар жой олади. Ушбу массивларда инфратузилма барпо қилишга бу йил 8 миллиард сўм йўналтирилади.

– “Янги Ўзбекистон” массивларида мактаб, боғча ва тиббиёт масканлари қурилади. Бу ҳам сервис васавдони ривожлантириш учун жуда катта имконият, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Элёр Комилов. – Қолаверса, йўл инфратузилмаси, ичимлик суви, электр ва газ билан таъминланади. Асосий мақсад шуки, яшаш ҳудудидан узоқ бўлмаган масофада ишлаш шароитини яратиш кўзда тутилган. “Янги Ўзбекистон” массивларида сифат, таннарх ва муддат аниқ белгилаб берилди.

Уй-жой сотиб олишдаги яна бир қулайлик, ипотекани қайта молиялаштириш компаниясидан бу йил банкларга 1,2 триллион сўм миқдорида маблағ жойлаштирилади. Бу дегани ипотека кредитидан фойдаланадиган оилалар сони 4000 тага кўпаяди.

Яна бир янгилик. Кўп қаватли уй-жой қурилишида 2000 та пудратчи жалб қилинади. Энди 5 қаватли уй-жой қурилишида камида “қониқарли”, 9 қаватли уй-жойга “ўрта қониқарли” рейтингига эга бўлган пудратчилар жалб қилинади. Бу кўп қаватли уй-жой қуришда қўшимча 2000 га яқин пудратчига йўл очиб беради. 10 мингта оила учун ҳам яхши имконият. Шуни ҳам айтиш жоиз, қурувчилар учун янги молиявий имкониятлар яратилмоқда.

Уй-жой нархининг кескин ошиб кетишининг олдини олиш бўйича янги чоралар кўрилмоқда. Албатта, бу мақсадга эришиш учун энг аввало бозорда таклифни кўпайтириш зарур. Таклифни кўпайтириш мақсадида қурилиш компаниялари янги молиявий имкониятлар билан қўллаб-қувватланади. Бу йил пудратчиларга кредитлар учун кафиллик бериш ва фоиз харажатларини қисман қоплашга Тадбиркорлик компанияси томонидан 200 миллиард сўм йўналтирилади. Пудратчиларнинг айланма маблағини кўпайтириш учун 500 миллиард сўм ресурс йўналтирилади.

Шунингдек, ипотека кредитлари йиллик 16 фоиз ставкада 12 йиллик имтиёзли даври билан 18 ойга ажратилади. Уй қурилиши учун махсус техникалар импорти бўйича берилган божхона имтиёзи 1 йилга узайтириладиган бўлди.

Эндиликда уй-жой қурилишида “яшил” стандарт жорий этилади. “Яшил” стандартлар ҳар икки томон учун, яъни қурувчига ҳам уйни сотиб олган аҳолига ҳам муҳим. “Яшил” стандартлар экология учун ҳам аҳамиятли. Қурувчиларга “яшил” стандарт асосида қуриладиган уй-жойлар учун кредитлар ҳам пастроқ фоизларда берилади.

Маҳалла еттилиги асосида ўз ҳовлисида уй қуриш ва таъмирлашга 120 миллион сўмгача ипотека кредити ажратиш йўлга қўйилади. Шу ўринда айтиш жоиз, кредит камбағалликдан чиқариш дастурига кирган турар жойи ночор оилаларга берилади. Бунда кредитнинг 15 фоизи ва дастлабки беш йилда фоиз ставкасининг 6 фоизгача банди бюджетдан қоплаб берилади. Дастлабки йилларда бу енгилликлардан ҳар бир маҳаллада 5 та эҳтиёжманд оиланинг уй-жойи яхшиланади.

Бу йил илк бора Ипотекани молиялаштириш учун 22,5 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Бюджетдан ажратилган 12,3 триллион сўм ҳисобидан 9,5 триллион сўмлик ипотека кредити молиялаштирилади. Даромади юқори бўлмаган 20 мингта оилага бошланғич бадал ва фоиз тўловини қоплаш учун 2,3 триллион сўм берилади. Банкларга ҳам бу жараёнда ўз маблағлари ҳисобидан яна 9 триллион сўм берилади. Шундан 6 триллион сўми ипотека кредитларига, 3 триллион сўми пудратчиларнинг айланма маблағини тўлдиришга йўналтирилади.

Бир сўз билан айтганда, жорий йилда тарихда илк маротаба 100 мингта уй-жой қурилади. 1 июлга қадар 20 мингта хонадон, 1 октябргача яна 44 мингта хонадон фойдаланишга топширилади. Шу йилнинг сўнгига қадар бу рақам 100 мингтани ташкил этади. Бунинг натижасида минглаб уй-жойга муҳтож оилаларнинг кўп йиллик орзулари ушалади. Бу янгиликлар уй-жой қурилиши соҳасида янги босқич сифатида баҳоланмоқда.

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА