Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида жойлашган «Kingdom Arena» мажмуасида профессионал бокс оқшоми ўтказилди.

Унда биринчи ўрта вазн тоифасида ҳамюртимиз профессионал бокс устаси Исроил Мадримов “WBA” чемпионлик камари учун россиялик Магомед Курбановга қарши рингга кўтарилди. 12 раунд этиб белгиланган чемпионлик жангининг бешинчи раундида Исроил рақибини нокаутга учратган ҳолда ғалаба қозонди. Бунинг натижасида И.Мадримов “WBA” чемпионлик камарини қўлга киритди.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Исроил Мадримов мамлакатимиз профессионал бокси тарихида Муроджон Аҳмадалиевдан сўнг чемпионлик камарини қўлга киритган иккинчи боксчи бўлди.

Маълумот учун, И.Мадримов профессионал боксдаги фаолиятида ўн биринчи жангини ўтказди. Боксчимиз ушбу баҳсларнинг ўнтасида ғалаба қозонган бўлса, битта дуранг қайд этган.

Магомед Курбанов эса бугун фаолиятидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди. У шу кунга қадар 25 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган эди.

Шунингдек, ушбу кечанинг марказий жангида оғир вазн тоифасида британиялик боксчи Энтони Жошуа камерунлик Фрэнсис Нганнуга қарши рингга кўтарилди ва 10 раунд этиб белгиланган жангнинг 2-раундида Жошуа Нганнуни нокаутга учратди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА