Сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш соҳасида амалга оширилган ишлар натижасида юртимизда сув сарфи ўтган асрнинг 90-йилларига нисбатан йилига 64 миллиард метр кубдан ҳозирги кунда ўртача 51 миллиард метр кубгача камайтирилди.

Ҳар бир гектар суғориладиган майдонга ўртача 16 минг метр куб сув ишлатилган бўлса, бугун бу кўрсаткич 10 минг метр кубгача туширилди.

Бироқ, ирригация тизимларидаги носозликлар туфайли экин майдонларига сув етказиб беришда сезиларли йўқотишлар бор. Қишлоқ хўжалиги суғоришида сув фильтрация, буғланиш ҳамда ортиқча сув сарфи орқали йўқотилмоқда.

Чучук сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилиб, ҳар гектарга сув сарфи технологик илғор давлатларга нисбатан 2-2,5 баробар кўп.

Бу Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси мажлисида қайд этилди. Ёшлар парламенти, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети, Ўзбекистон экологик ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбатида сув муаммоси нафақат мамлакатимиз, балки минтақа учун долзарблигига эътибор қаратилди.

Ичимлик сувидан бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланиш ҳам учраб турибди. Сувдан фойдаланиш маданияти ҳам етарли даражада эмас.

Қайд этилганидек, аграр соҳада дунё мамлакатлари тупроқ остидан сиздириш, ер устидан томчилатиш ва ёмғирлатиш каби замонавий янги технологиялар ва усуллар орқали суғоришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Тадбирда суғоришда сувдан фойдаланиш коэффициентини 90-95 фоизга етказиш, анъанавий суғориш усулларидан воз кечиб, томчилатиш ва бошқа сув тежовчи технологияларни қўллашни янада кенгайтириш, соҳада илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш, ер ости сув ресурсларини таҳлилий аниқлаш ҳамда муқобил сув манбалари (булоқ, қудуқ, ҳовуз, ер ости сувлари ва бошқалар)дан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш бўйича тарғиботни кучайтириш каби масалалар юзасидан тегишли чоралар кўриш лозим.

Иштирокчилар томонидан сув ресурсларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланиш, сувни бошқариш механизмларини такомиллаштириш масалаларида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Тадбирда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув сарфини камайтириш борасида изланишлар олиб борган ҳолда “ECOSUV” корхонасининг ёш олимлари томонидан ишлаб чиқилган “Тупроқ остидан томчилатиб суғориш тизими” технологияси ва унинг тажрибалари якунлари юзасидан тақдимоти ҳам ташкил этилди.

Ушбу технологияда қўлланиладиган сув қувурларини ишлаб чиқишда (шланг) ишлатилган транспорт воситалари шиналаридан фойдаланилади.

Мазкур усул орқали ер усти томчилатиб суғоришга нисбатан 3-3,5 баробар, эгат оралаб суғоришга нисбатан эса 4-5 баробар кам харажат талаб қилади ҳамда ер устидан томчилаб суғориш усулига нисбатан 1,5 марта кўп ҳосилдорликка эришилади.

Шунингдек, сув сарфи эгат оралаб суғоришга нисбатан 80 фоизга, илдиз устидан томчилаб суғоришга нисбатан 30 фоизга камаяди. Минерал ўғит сарфи 60 фоизга тежалиб, агротехник ишлар (культивация) 50 фоизга қисқаради. Энг муҳими, тизим тўлиқ автоматлашган ҳолда бошқарилади.

“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетида сувни бошқариш соҳасида университет олимлари, ўқитувчи ва талабалари томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ва амалий лойиҳалари юзасидан батафсил маълумот берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар ҳамкорлик меморандуми имзолади.

Н.Абдураимова, ЎзА