Ҳар куни биргина қўлимиздаги телефон орқали юзлаб янгиликлардан бохабар бўламиз. Лекин биз танишаётган турли мазмундаги ушбу хабарларнинг ҳаммасини ҳам холис, ҳаққоний, деб бўлмайди.

Биламиз, ахборот тайёрловчи ва тарқатувчида гап кўп. Шу ўринда бир мисол. Тўртта ташкилот ҳамкорлигида ўтказилган тадбирни ҳар бир идора ўз корхонаси манфаати нуқтаи назаридан ёритади. Энди хорижда бўлиб ўтаётган муҳим жараёнлар ҳақидаги ахборотларни иккинчи ёки учинчи манба орқали олишни ўйлаб кўринг. Улар ахборот мазмунини сездирмасдан бироз ўзгартириб, ўз қарашларидан келиб чиқиб тақдим этиши ҳам мумкин. Табиийки, буни ҳамиша ҳам англаш қийин. Қолаверса, ҳар доим ҳам хабарни текширишга вақт, ҳафсала бўлмайди.

Халқаро медиамаконда рақобат кучайган ҳозирги кунда дунёдаги ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ахборотларда қандай ғоя ва мақсадлар яширин эканини тўлиқ пайқаш мушкул. Ахборотлар бир қарашда ишочли кўринади – воқеа жойидан, муайян манфаатдан келиб чиққан ҳолда, ўта устакорлик билан олинган расм ва видеолар, интервьюлар эълон қилинади, мазкур жараёнда биз улар қайта ишланиши-ўзгартирилиши мумкинлигини ҳам ёдда тутишимиз керак. Сир эмас, кейинги пайтларда бу борада ҳам сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда, кўпаймоқда. Бу эса халқаро медиамакон материалларида ғаразли мақсадлар йўлида сохтакорлик кўпайиши эҳтимоли мавжудлигини билдиради.

Шундай экан, айни ҳолат журналист ва блогерларимиз, ижодкорларимиз ўта хушёр ва огоҳ бўлиши лозимлигини, соҳага оид замонавий билимларни мукаммал эгаллаб бориши зарурлигини, замон билан ҳамнафас, ҳатто бир қадам олдинда юриши керак ва шартлигини кўрсатади.

Бугунги ривожланишлар жараёнида ахборот хуружлари энг катта таҳдидлардан бирига айланди. Шу йил 12 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратиш, ахборот хавфсизлиги масаласига бежиз алоҳида эътибор қаратмади.

Луғатларда миллий сўзига “халқона, миллатга тегишли, диний, бирон мамлакат, давлат ва унинг аҳолисига оид, бирон миллатнинг, халқнинг ўзига хос бўлган, унинг хусусиятларини ифодаловчи” деб, контент сўзига эса “ўз-ўзини ифода этиш, тарқатиш, маркетинг ёки нашр этиш учун нутқ, ёзув ёки турли хил санъат турлари каби бирон-бир восита орқали ифодаланиши керак бўлган ахборот воситаси” дея изоҳ берилади. Бундан миллий контент тушунчаси қамрови кенглиги англашилади.

Аввало, миллий контент деганда, миллий манфаатларимизни назарда тутган ҳолда юртимиз ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида тайёрланган холис, ҳаққоний материалларни тушунамиз.

Президентимиз раҳбарлигида халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фан, таълим, иқтисодиёт, маданият, тадбиркорлик, санъат, спорт, қўйингки, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари, муаммолар ва эришилаётган ютуқлар ёритиладиган ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта, сифатли медиа маҳсулотлар ҳам миллий контентни бойитишга хизмат қилади.

Мамлакатимиз тарихи ва ўзига хос жиҳатлари, географияси, миллий давлатчилигимиз, жадид боболаримиз, улуғ саркардаларимиз, аждодларимиз ҳамда ижодкорларимиз ҳаёти ва фаолияти, миллий менталитетимиз,  юртимиз табиати, миллий манфаатларимиз, ўзбек тили, урф-одат ва анъаналаримиз ҳақида тайёрланадиган ижодий ишлар ҳам миллий контент сирасига киради.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг 2019 йил 17 июль куни бўлиб ўтган IV конференциясида қабул қилинган Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси олтинчи бўлимида “Журналист қандай мавзуга қўл урмасин миллий ўзига хослик, миллий маънавият ва ахлоқий қадриятларга, шу билан бирга бошқа миллат ва элатларнинг урф-одат ва маданиятига нисбатан ҳурмат сақлайди. Материални тарқатишда адабий тил қоидаларига амал қилади. Журналист мамлакатнинг ахборот маконидаги нуфузи ва жаҳон ахборот майдонидаги имижига путур етказмасликка интилади”, дейилган. Аёнки, журналистик материал – миллий контент тайёрлашнинг ҳам масъулияти бор. Қолаверса, оммага кенг тарқатиладиган контент ишончли, холис ва адолатли, ўқувчи учун қизиқарли бўлиши, унга нимадир – маъно-мазмунли ахборот бериши керак. Бундай материаллар тайёрлаш учун эса муаллиф етарлича билим ва малакага, маҳоратга эга бўлиши лозим.

Дунёда кечаётган ҳозирги сиёсий вазият миллий контент яратиш ва кўпайтириш масаласи ўта долзарб эканини кўрсатмоқда. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш эса миллий хавфсизлик соҳасида муҳим вазифа сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Кези келганда айтиш жоизки, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси ахборот кодекси” лойиҳасининг  тўртинчи бўлими ахборот хавфсизлигига бағишланган. Кодекс лойиҳасига шахснинг ахборот хавфсизлиги, жамиятнинг ахборот хавфсизлиги, давлатнинг ахборот хавфсизлиги, оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, онлайн-платформаларда хавфсизликни таъминлаш каби моддалар киритилгани эътиборга моликдир.

Шу кунларда такомиллаштирилаётган мазкур ахборот кодексининг қабул қилиниши натижасида журналистика ва ахборот соҳасининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланади, медиа соҳага оид тарқоқ ҳолдаги, бироқ мазмунан ўхшаш бўлган мавжуд қонунлар битта норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклига келади. Бошқача айтганда, соҳага оид қонунчилигимизда юзага келган бўшлиқ тўлдирилади.

Ҳар куни дунёда қанчадан-қанча воқеа-ҳодисалар рўй беради. Турли қарама-қаршиликлар, қуролли тўқнашувлар, бир давлат иккинчисига таъсир ўтказишга уриниш ҳолларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу борадаги ахборотларнинг асосий қисмини хориж ОАВларидан оляпмиз. Аммо дунё ҳаётига оид ахборотларни иккинчи ёки учинчи манбадан олишни босқичма-босқич камайтириш чора-тадбирларини кўриш ниҳоятда долзарб. Шунинг баробарида, халқимизнинг медиасаводхонлиги ва маънавиятини ошириш, барча турдаги ОАВ, шунингдек, ижтимоий тармоқлар ўзбек сегменти учун миллий контентни кўпайтириш жуда муҳим.

Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берган бўламиз. Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумот, реал воқеаларга бўлган эҳтиёжни биз қондирмас эканмиз, буни бошқалар қилади”.

Оммавий ахборот воситалари сони кўпайиб, ижтимоий тармоқлар шиддат билан ривожланиб бормоқда. Улар тарқатаётган хабарлар сони ошгандан ошмоқда. Шунга қарамасдан, уйқудан уйғонгандан то уйқуга кетгунимизча янгилик қидирамиз.

Умуман олиб қараганда, миллий медиа халқимизнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини тўла қондирмоқда, дея олмаймиз. Шундай экан, мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари олдида бу борадаги ишларни жонлантириш бўйича масъулиятли вазифалар турибди.

Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган иш режамиздан соҳа етакчилари ва олимлари, тажрибали ва таниқли устоз журналистлар иштирокида оммавий ахборот воситалари – газета ва журналларда, интернет нашрларида, телерадиоканалларда, медиа соҳа учун кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида миллий контент яратиш ва уни кўпайтириш сирлари, илмий асослари  бўйича семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ўтказиш ҳам ўрин олган.

Миллий контент тайёрлашни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган бу борадаги ишлар доирасида “Энг яхши миллий контент” республика танловини ўтказиш режалаштирилмоқда. “Facebook” ижтимоий тармоғида миллий контентни кўпайтиришга қўшган ҳиссаси учун”, “Жадидлар ҳақидаги энг яхши материаллар учун”, “Болаларни китобхонликка қизиқтирган блог-постлар учун”, “Интернет тармоғида эълон қилинган энг яхши миллий контент учун” каби саккизта номинация бўйича ўтказиладиган танловда интернет нашрларида фаолият олиб бораётган журналистлар, шунингдек, блогерлар қатнашиши белгиланган.

Булардан кўзланган асосий мақсад – журналист ва блогерларимизнинг билими, малака ва тажрибасини, фаоллигини ошириш, қолаверса, янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самаралари кенг ёритилишига эришиш ҳамда халқимизга дунё ва юртимизда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида ишончли ахборот-миллий контент тақдим этиш, уни кўпайтиришга ҳисса қўшишдан иборатдир.


Холмурод Салимов,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи.