Туркияда чиқадиган “Hürriyet” газетаси ёзишича, Эрон Президенти ва ТИВ раҳбари ўлимига сабаб бўлган ҳодисанинг қоронғи томонлари ҳам мавжуд ва бу ҳолатларга ойдинлик киритилиши керак.
Иброҳим Раисий, Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва бошқа расмий шахслар бўлган вертолёт 19 май куни мамлакат шимоли-ғарбидаги Верзеган туманида ҳалокатга учради. 20май куни эрталаб Эрон вице-президенти Муҳсин Мансурий Президент ва унинг делегацияси ўлими ҳақидаги хабарни тасдиқлади. Раисий озарбайжонлик ҳамкасби Илҳом Алиев билан бирга “Қиз қалъаси” гидро-электр мажмуасини очиш, Аракс дарёси чегарасида жойлашган Худаферин гидро-электр мажмуасини ишга тушириш маросимида иштирок этган. Делегация Озарбайжонга ташрифдан сўнг вертолётда Эронга қайтаётган эди.
Газетанинг ҳукумат доирасига яқин шарҳловчиси Абдулқодир Селви шундай ёзган:
– Президент Раисийнинг вафоти Исроилга керакми? Ҳа! Эронни безовта қиладиган ҳар қандай воқеа Исроил учун фойдали. Бу воқеа ортида Исроил турган бўлиши мумкинми? Балки.., лекин фақат Исроилни айблаш керак эмас, деб ўйлайман. Вертолёт ҳалокатида қоронғи масалалар бор, аниқлик киритиш зарур. Наҳотки, президент учадиган вертолётда ELT мосламаси йўқ?! Мамлакатда биргина шундай қурилма бўлса, айнан давлат раҳбари ўтирган учоққа ўрнатилиши керак эмасми?
Бошқа икки вертолёт қуюқ туман ҳудудига етгач, парвоз йўналишини ўзгартирган. Журналистнинг сўзларига кўра, Раисий президентга мўлжалланган эмас, балки Эрон Қизил ярим ой жамиятига тегишли вертолётда парвоз қилгани эътиборга молик.
– Учоқ ELT билан жиҳозланса, ҳалокат содир бўлган вақтдан бошлаб, 30 кун давомида сигнал келади ва тегишли манзилни топиш анча осон кечади.
Қизиқ, фожиа жойини тезроқ аниқлашни ҳеч ким хоҳламадими? Қулаган вертолёт кабинаси ёниб кетгани аниқланди. Учувчи ва икки зобит тириклай ёнган. Маълум бўлишича, Президент билан фюзеляжнинг асосий қисми ажратилган, учувчи хонасида чиққан ёнғин қотиллик белгиси эмасмикан?
Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг ўлими ҳокимият учун ички кураш билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин, деб ёзди сешанба куни “Hürriyet” газетаси. Нашр қайд этишича, амалдаги олий раҳнамо Али Ҳуманаий кексайиб қолгани сабабли, мамлакат диний раҳбариятида ҳокимият учун зимдан кураш кетяпти. – Раисий диний раҳнамони сайлайдиган делегациянинг бир қисми эди ва раҳбар лавозимига энг кучли номзод ҳисобланарди, – ёзади нашр. – Олий раҳнамо атрофида тўпланган гуруҳ эса бу курсида Али Ҳуманаийнинг ўғли Мужтаба Ҳуманаийни кўрмоқчи. Вертолёт ҳалокатида асосий эътибор Раисийга қаратилган. Бинобарин, ташқи ишлар вазири Ҳусайн Абдуллоҳиён ҳам Эрон режимининг муҳим шахси сифатида президентликка номзодлардан бири эди. Агар унга ҳам суиқасд уюштирилган бўлса, бу бир ўқ билан икки нишонни уриш, демак!
Туркиянинг “Ватан” сўл партияси раҳбари Дўғу Перинчек шундай дейди:
– Эрон давлатининг баёнотига ишонаман, ҳодиса тасодиф дейилди. Шу билан бирга, қотиллик тахминидан ҳам ажабланмайман. Зеро, Эрон Ислом Республикаси Америка империализми ва Исроил сионизмига қарши курашаётган етакчи давлат.
Эрон Президенти маъмурияти раҳбари Ғулом-Ҳусайн Исмоилий айтишича, ҳалокат пайти об-ҳаво қулай бўлган, қулаган вертолёт йўловчиларидан бири бир неча соат тирик қолган. Унинг сўзларини ИРНА ахборот агентлиги қуйидагича келтирган:
– Эҳтимол, дара тубини туман қоплагандир, лекин бизнинг парвозимиз траекторияси бўйлаб туман йўқ эди.
Туркия ҳукумати ҳалокатга учраган вертолётни қидириш, инсонларни қутқариш учун 32 альпинист, олти тўп жиҳоз, тунги кўриш тизимига эга вертолёт жўнатган.
Турк ОАВ турк дрони қидирувда иштирок этганини кенг ёритди. Ҳатто, “Анадолу” давлат ахборот агентлиги жараёнини дрон камералари орқали тўғридан-тўғри эфирда трансляция қилиб борди. Шундан сўнг энди Туркия – Эрон муносабати яхшиланадими, деган савол бот-бот такрорланди.
– Бу қийин масала, – дейди туркиялик эксперт Эренел. – Туркия Эронга дрон, вертолёт ва альпинист жўнатишини ҳар қандай давлат қўшнисига кўрсатадиган ёрдамидек қабул қилиш лозим. Масалан, зилзиладан кейин Анқара ва Афина ҳам худди шундай ҳаракатларни амалга оширган.
Қолаверса, Эрон оммавий ахборот воситаларида Туркиянинг ёрдами ҳақида ҳеч қандай хабар берилмади. Эрон Қизил Ярим Ой жамияти раҳбари қидирувни эронлик қутқарувчилар олиб боргани, қидирув-қутқарув амалиётида хорижлик мутахассислар иштирок этмаганини таъкидлаган.
Интернет материаллари асосида С.Раҳимов тайёрлади.
ЎзА