Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон журналистлари Хитой Халқ Республикаси Шинжон-Уйғур автоном райони Или-Қозоқ автоном вилояти бўйлаб пресс-тур ўтказишмокда.
Тадбирнинг иккинчи куни ҳам Чин диёрининг ажойиб тарихий манзилларида бўлдик, таълим муассасаси ва нашриёт билан танишдик. “Чапчал Серкин” газетаси таҳририяти фаолияти ҳамкасбларимизда илиқ таассурот қолдирди.
1946 йил Сибо мухтор округи Чапчал қўмитаси томонидан ташкил этилган мазкур газета сибо тилида чоп этиладиган дунёдаги ягона нашр ҳисобланади. Ҳозир ушбу миллатга мансуб аҳоли сони 20 мингдан зиёдроқ экан. Улар ўз миллатнинг маданияти, аньана ва урф одати, айниқса тилини сақлаб қолишга алоҳида эьтибор қаратишади. “Чапчал Серкин” ҳам шу мақсадда ташкил этилган.
– Газетамиз миллий маданиятнинг бебаҳо хазиналаридан бири, – дейди нашр директори Чжао Цзинсюй. – Долзарб сиёсий янгиликлар, қишлоқ хўжалиги, фан-техника, адабиёт ва санъат соҳаларидаги муҳим мавзулар мунтазам ёритиб бориладиган нашримиз Шинжон, Пекин, Шенянг, Йили каби минтаалардаги манжур тилли аҳолига тарқатилади. Шу билан бирга, сибо тилиллари илмий-тадқиқот институтлари ходимларига ҳам етказилади.
Пресс-тур давомида меҳмонларга таҳририят ва босмахонадаги тарихий қурилмалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ҳовлида ташкил этилган мўъжазгина, очиқ осмон остидаги музей бўйлаб саёҳат уюштирилди.
Шундан сўнг Чапчал уездида жойлашган камондан ўқ отиш мактабига бордик.
Ушбу спорт тури бўйича мамлакатдаги асосий базалар рўйхатига киритилган масканда 50 га яқин ҳаваскор спортчи билан бирга тажрибали камончилар ҳам шуғулланишаркан. Уларга маҳоратли мураббийлар сабоқ беришади.
Шу куни ОАВ ходимлари Сибо қадимий шаҳарчасига ҳам ташриф буюрди. Чапчал округи Сунцзажи Нуи Лу шаҳрида жойлашган қадимий кентда сибо халқнининг қадимий урф-одати, тарихи, маданияти, санъати, округнинг турли этник гуруҳлари миллий қадрияти акс эттирилган музей очилган. Экспонатлар маҳаллий этник халкнинг келиб чиқиши, мард, жанговар қаҳрамонлар, ботирлар турмуш тарзидан “сўзлайди”, гўё.
Қайд этилишича, камон ясаш ва камондан ўқ отиш билан сибо халқи қадим замонлардан ҳозирга қадар мунтазам шуғулланиб келади. Шу боис тарихий шаҳарчада камончиликка алоҳида урғу берилган. Музей ашёлари орасида дунёдаги энг улкан камон ҳам жой олгани эьтиборимизни тортди.
Тарихий шаҳар бўйлаб уюштирилган экскурсия давомида намойиш қилинган Сибо халқ миллий куйлари, саҳналаштирилган лавҳалар меҳмонларга ўзгача таассурот бахш этди.
Гўзал Сатторова, ЎзА
Хитой, Шинжон-Уйғур автоном райони