Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WАDА)нинг икки йилда бир марта ўтадиган йиғилишига Тошкент мезбонлик қилмоқда. Унда ўндан зиёд муҳим масалалар кўриб чиқилмоқда. WАDАнинг стандарт ҳужжатлари бундан кейин ўзбек тилида ҳам олиб борилади.
Пойтахтимиз жаҳон миқёсидаги глобал спорт масалалари кўриб чиқиладиган анжуманлар, конференциялар, халқаро ташкилотларнинг йиллик йиғилишлари ўтказиладиган мегаполис шаҳарлардан бирига айланиб бормоқда.
Ўтган йиллар давомида Тошкент Осиё олимпия кенгаши, Халқаро оғир атлетика федерацияси, Халқаро этноспорт федерацияси, Бутунжаҳон бокс ассоциацияси каби бир қатор нуфузли спорт ташкилотларининг ижроия қўмиталари йиғинларига мезбонлик қилди.
Айнан пойтахтимизда ушбу нуфузли спорт ташкилотлари ва уюшмаларининг муҳим қарорлари қабул қилинди. Келгуси режалари, истиқбол лойиҳалари белгилаб олинди.
Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WАDА)нинг Осиё ва Океания мамлакатлари вазирларининг 19-ҳукуматлараро йиғилиши илк бор юртимизда ташкил этилаётгани ҳам Тошкент жаҳон спорт ҳаракатининг марказларидан бирига айланаётганининг ёрқин далилидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Миллий антидопинг агентлигига қатор вазифалар юклатилди.
Жумладан, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда хорижий мамлакатлар билан ўзаро тажриба алмашиш асносида хориж тажрибасини мамлакатимизга олиб кириш, амалиётга татбиқ этиш ҳамда юртимизда антидопинг соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларни тизимли ташкил этиш белгиланган эди.
Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон таклифига биноан ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган 19-ҳукуматлараро Осиё ва Океания мамлакатлари вазирларининг йиғилиши пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ўтказилишига келишилди.
Айтиш лозимки, ҳукуматлараро Осиё ва Океания мамлакатлари вазирлари йиғилиши ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилиб, мазкур анжуман 2022 йилда Шри-Ланка давлатида ўтказилганди.
Тошкентда ўтаётган тадбирда 33 та давлатдан 90 га яқин соҳа мутахассислари, хусусан Бутунжаҳон антидопинг агентлиги мутасаддилари қатнашмоқда.
WАDА президенти Витольд Банька, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департамент раҳбари Одил Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Миллий антидопинг агентликлари вакиллари ва ҳар икки минтақанинг 34 та мамлакатидан келган вазирлик раҳбарлари, делегатлар қатнашаётган йиғилишда бир қатор масалалар кўриб чиқилмоқда.
Анжуман аввалида сўзга чиққан WАDА президенти Витольд Банька дунё миқёсида антидопинг соҳасида амалга оширилаётган ишлар, спортчиларни, спорт жамоаларини допингдан ҳимоя қилиш, глобаллашаётган дунёда ҳалол спорт масаласи бугунги куннинг энг долзарб мавзуси бўлиб қолаётгани, Осиё мамлакатларида, хусусан Ўзбекистонда антидопинг тизимида юксак натижаларга эришилаётганини қайд этиб, бу, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги кодекслари ва тамойилларига мос келаётганини таъкидлади.
Тадбир давомида Бутунжаҳон антидопинг агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Эътиборли жиҳати, мазкур меморандумга асосан WАDА тизимидаги расмий ҳужжатлар эндиликда ўзбек тилида ҳам олиб борилиши белгиланди. Бутунжаҳон антидопинг сайтида бериб бориладиган қоидалар, кодекслар, нормалар аввал инглиз ва француз тилида қайд этилган бўлса, улар сафига ўзбек тили ҳам қўшилди.
– Маълумки, WАDА кодексида 8 та стандарт ҳужжатлар мавжуд бўлиб, улар бугунгача инглиз ва француз тилларида тақдим этилган. Таълим, допингга қарши кураш, терапевтик истиснолар каби стандартлар бундан кейин WАDА тизимлари, унинг интернет тармоқларида ўзбек тилида ҳам бериб борилади. Айни ҳолат ўзбек тилининг халқаро даражасини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Албатта, тилимизнинг халқаро антидопинг тизимларида қадр топиши, улуғланиши ҳар биримизга чексиз ифтихор бағишлаши билан бирга, олдимизда турган вазифалар, ишлар кўламини ҳам янада кенгайтирмоқда. Ўйлайманки, халқаро ташкилотнинг қонун-қоидалари, стандарт ҳужжатлар ўзбек тилида бериб борилиши нафақат спортчиларимиз, спорт жамоатчилигимиз учун, қолаверса бутун дунёдаги ўзбеклар учун ҳам қувончли ва эътиборли воқеалик бўлди, – дейди Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги Халқаро алоқалар ва мониторинг бўлими бошлиғи Муҳиддин Ҳошимов.
Йиғилишда мамлакатларда антидопинг соҳасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқлар, камчиликлар ва режалар ҳақида сўз юритилмоқда. Зарур қарорлар қабул қилинмоқда. Янги режалар бўйича таклифлар кўриб чиқилмоқда.
Нафақат Ўзбекистонга, балки Марказий Осиёга илк бор ташриф буюрган WАDА раҳбари Витольд Баньканинг Тошкент анжумани доирасида бир қатор давлатларнинг вазирлари ва соҳа ходимлари билан учрашувлари ўтказилиши белгиланган.
2 кунга мўлжалланган тадбирда соҳага оид долзарб масалалар кўриб чиқилиб, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланишга доир қатор мавзулар муҳокама қилинади.
Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WАDА)нинг Осиё ва Океания мамлакатлари вазирларининг 19-ҳукуматлараро йиғилиши ўз ишини 23 май куни давом эттиради.
Тўлқин Рўзиев, Носир Ҳайдаров (сурат) ЎзА мухбири