Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди раиси Чжань Цзюн билан учрашди.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг XIX йиғилиши доирасида мамлакатимизга ташриф буюрган Ч.Цзюн давлат ва жамият хаётининг турли жабҳаларида амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар билан яқиндан таништирилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилгани, турли соҳаларда кенг қиррали алоқалар ривожланиб бораётгани ҳамда олий даражадаги ўзаро икки томонлама ташрифлар бунинг аниқ мисоли эканлигига урғу бериб ўтди.
ШҲТ доирасида ҳам икки давлат ўртасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ҳуқуқий ислоҳотлар, юридик хизмат ва суд экспертизаси соҳаларини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳам маълумот берилди.
Ч.Цзюн Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаб, ушбу жараён мамлакатда одил судловга эришиш ва инсон ҳуқуқларини самарали таъминлаш учун хизмат қилишини қайд этди.
Ўзбекистоннинг суд экспертизасини ривожлантириш соҳасидаги тажрибасига яқиндан қизиқиш билдирди ҳамда ХХРнинг хусусий суд экспертизаси ташкилотлари фаолиятига оид маълумотлар билан ўртоқлашди.
Шунингдек, томонлар медиация институтини янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди ҳамда ушбу соҳада ўзаро тажриба алмашишга келишиб олди.
Н.Абдураимова, ЎзА